Юридик таълим ва фаннинг янги босқичга ўтиш тамойиллари
Бугунги шиддат билан ривожланган жамиятни илм-фансиз тасаввур этиш қийин. Иқтисодий, сиёсий, экологик инқироз даврида фан муҳим муаммоларни ҳал қилишда асосий восита бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда фан инсон ҳаётининг турли соҳаларига тегишли бўлган масалаларни ҳисобга олиши ва ўз вақтида жавоб бериши керак.
Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев “Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик”, деган эди.
Ҳар бир ишнинг, айниқса, Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган демократик ислоҳотларнинг муваффақияти кадрларга боғлиқлиги сир эмас. Шунинг учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор бермоқ зарур.
Бироқ юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида рақобатнинг мавжуд эмаслиги миллий юриспруденция илмий мактабининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, ҳудудлардаги иқтидорли ёшлар учун тенг таълим олиш имкониятларини чекламоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилиши белгиланди.
Ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалий жиҳатдан жорий этиш, ўқитишнинг илғор услубларидан кенг фойдаланиш, шунингдек замонавий талабларни инобатга олган ҳолда таълим стандартларини модернизациялаш ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқишга етарли эътибор берилмаётганлиги, бу эса юридик таълим сифати ва илмий салоҳиятнинг пасайишига олиб келаётганлиги жиҳатидан ёндашадиган бўлсак, бугун биз ҳар томонлама билимли, юқори малакали, халқаро стандартларга жавоб берадиган, ўз касбининг ҳақиқий фидойиси бўлган ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш ишларини такомиллаштириш керак.
Сўнгги йилларда мамлакатда ўқув-педагогик жараёнга инновацион илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва профессор-ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш, шунингдек таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашни назарда тутадиган юридик таълим тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, барча низомлар тубдан янгиланди. Замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда норматив-ҳуқуқий база диссертациялар сифати ва самарадорлигини ошириш, экспертиза сифатини янада яхшилаш, самарали фаолиятни рағбатлантириш каби ижобий ўзгаришларга йўналтирилди.
Лекин ўз ўрнида тизимда мавжуд муаммоларнинг амалий ечимларини топиш хусусида фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашиш умуман фан-таълим соҳасида алоҳида аҳамиятга молик масаладир. Хусусан, ҳуқуқий фаннинг истиқболи бевосита замонавий фикрлайдиган, мустақил ва тезкорлик билан қарорлар қабул қила оладиган, юридик ҳужжатлар лойиҳаларини ярата оладиган, ўз соҳасининг эксперти ҳисобланган ҳуқуқшунос кадрларга боғлиқ.
Бугунги юридик таълимни тубдан ўзгартиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Таълимни амалиётга боғлаш, таълим беришнинг замонавий усулларини қўллаш, машғулотларни янгича услуб ва шаклларда ташкил этиш, масофадан туриб ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака оширишга халқаро стандартларни жорий этиш, мустақил таълимни кучайтириш, янги, таъсирчан ва самарали юридик адабиётлар яратиш ҳам асосий вазифалардан ҳисобланади.
Бундан ташқари юридик фаннинг ривожланиши ҳуқуқни қўллаш амалиётига ҳам бевосита боғлиқ. Суднинг қабул қилган қарорлари, ҳуқуқни қўлловчи ва назорат қилувчи органларнинг тўпланган тажрибасини ўрганиш, уни таҳлил қилиш ва ҳуқуқни ривожлантиришга оид янги қарашларнинг шаклланишига олиб келади.
Шунингдек, фан, технология ва амалиёт боғланиши лозим. Хусусан, юридик фаннинг истиқболи бир томондан амалдаги ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш билан боғлиқ ҳуқуқий қарашларни ишлаб чиқариш, назарий асосларни яратиш бўлса, иккинчи томондан инновацион хўжалик юритиш ва иқтисодиётга ўтишга бевосита боғлиқ.
Ҳар қандай фан тармоғи ёки соҳаси шиддат билан ўзгариб бораётган, жаҳон бозорида ўз ўрнини топишга ҳаракат қилаётган давлатлар ривожи, айниқса миллий ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Юридик фаннинг ҳуқуқий тизимни мустаҳкамлашга қаратилган яна бир истиқболли йўналиши бу қонун ҳужжатларини илмий асослаш, шарҳлаш, ижросини ўрганиш, халқаро ҳуқуқий нормаларни имплементация қилиш бўйича тавсиялар бериш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳоли ўртасида кенг тарқатишдан иборат. Айни вақтда республикамиз ҳуқуқшунос олимлари олдида катта вазифалар турибди.
Бу вазифалар сирасига миллий ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш ва қонунчилик асосларини такомиллаштириш, республикамизнинг халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини бажаришга қаратилган ҳуқуқий манбаларни илмий, назарий таҳлил қилиш ва миллий қонунчилик билан таъсирини баҳолаб бориш, амалга оширилаётган ислоҳотларни олдиндан ҳуқуқий башорат қилиш, жамиятда ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришда иштирок этиш, “устоз-шогирд” тизими ва илмий мактаблар яратиш, ҳуқуқшунослар халқаро ҳамжамияти билан кенг мулоқотни йўлга қўйиш, миллий ва замонавий юридик фанни ривожлантириш кабиларни киритиш мумкин.
Умида Ҳайдарова,
Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси.
ЎзА