Президентимиз Андижон шаҳридаги Бобур шоҳ кўчасини бирлаштирувчи темир йўл устидан ўтадиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди.
Кўприк қурилиш соҳасида тўпланган тажриба ҳамда тизимга замонавий техника технологияларни жалб қилиб, хорижлик ҳамкорлар билан самарали иш юритиш натижасида сўнгги пайтларда юртимизда монолит усулда кўприк ва йўл ўтказгич қуриш йўлга қўйилди.
Таъкидлаш лозим, бундай кўприкларнинг фойдаланиш муддати ҳам кўпроқ бўлади. Монолит усулда бунёд этилаётган йўл ўтказгичларнинг қурилишида хомашё объектнинг ўзида қайта ишланади. Бу муҳим жиҳат. Бошқа усулдаги кўприк қурилишида ишлатиладиган оралиқ қурилмалар, йиғма темир-бетон конструкциялар завод шароитида қуйилади. Одатда махсус заводларда тайёрланган катта ўлчамдаги констукцияларни объектга олиб келиш эса қатор ноқулайликлар туғдиради. Оғир юк кўтарадиган техника ва автокранларга зарурат туғилади. Янги усулда кўприк қурилишида бу каби муаммолар бўлмайди. Бу кўприкда ҳар бир материал жойида тайёрланади. Шунингдек, монолит оралиқ қурилмали кўприкларнинг деформацион чоклардан халос бўлгани натижасида автомобилларнинг равон ҳаракатланиши таъминланади.
Андижон шахрида қурилиши таклиф этилаётган йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 695, кенглиги 26 метр. 4 полосали йўл бўлиши кўзда тутилган. Шундан, кўприкнинг транспорт қатнов қисми кенглиги 15 метр, пиёдалар йўлаги кенглиги икки томонда 2,25 метрдан бўлиши белгиланган. Энг баланд нуқтаси 10 метр.
Мазкур янги иншоот қурилиши Андижон шаҳрида транспорт инфраструктурасини яхшилаш, тирбандликларнинг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва бу ерга келадиган сайёҳлар ҳамда юртдошларимизга қулайлик яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумотларга кўра, йўл ўтказгич бунёд этилиши натижасида Гоголь, Саноат, Фарғона, Пахтакор, Амир Темур шоҳ кўчалари 5 километр айланма йўли масофаси қисқаради, бир йилда 292 тонна ёнилғи-мой маҳсулотлари иқтисод қилинади, юк ва йўловчилар ташиш вақти 25 фоизга қисқаради. Бундан ташқари, атмосферага ажралиб чиқадиган моддалар чекланган миқдори бир йилда 4 тоннага камаяди.
Йўл ўтказгич буюртмачиси – Автомобиль йўллари қўмитаси. Лойиҳа қиймати – 136 миллиард сўм.
Давлатимиз раҳбари биринчи навбатда сифат ва дизайнга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА