Президентимиз жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида ғалладан бўшайдиган майдонлардан фуқароларга сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун 20 сотихдан 10 йил муддатгача ерни амалдаги қонун талабларига асосан ижарага бериш борасидаги ташаббуси юртдошларимиз учун айни муддао бўлди.
Мазкур муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилоятининг қатор туманларида бўлиб, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш билан боғлиқ масалалар юзасидан учрашув ўтказди..
- Жорий йилда 811, 0 минг гектар ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ҳисобидан 2,8 миллион иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда, –дейди қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев. – Шу ўринда таъкидлашимиз керакки, Президентимиз ташаббуси билан йил бошида 233,3 минг нафар ёшларни аграр тармоқда бандлигини таъминлаш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун 65,1 минг гектар майдон ажратиб берилган эди. Ҳозирда бу ёшлар ўртача 15-20 миллион сўмдан даромад олишга эришди, ўз тенгдошлари ва оила аъзоларини иш билан таъминлади. Шунингдек, ғалладан бўшайдиган майдонлар биринчи навбатда, «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар, ишсизлар ҳамда хорижда бўлган мигрантларнинг оила аъзоларига бириктирилади.
Ер майдонларини ажратиш жараёнини адолат мезонлари асосида тўғри ва шаффоф ташкил этиш мақсадида республика, вилоят ва туман ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, маҳаллабай асосида ер ажратиладиган 2,8 миллион нафар фуқаронинг манзилли рўйхати шакллантирилди.
Шунингдек, туманларда экинларни экиш учун ер тайёрлаш, экиш, талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш, ички ва ташқи бозорга етказиб беришни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, ер ажратилган фуқароларга кўмаклашиб келмоқда. Айни пайтда аҳолига ажратилган ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш сомондан тозалаш, шудгорлаш ҳамда экин экиш ишлари жадаллик давом этмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда такрорий экин учун ажратилган 811,0 минг гектар майдоннинг 92,5 минг гектарига сабзавот, 33,8 минг полиз, 297,6 минг гектарига дуккакли, 23,0 минг гектарига картошка, 61,4 минг гектарига мойли экинлар, 190,5 минг гектарига озуқа,62,5 минг шоли, 42,8 минг гектар тариқ, 6,8 минг гектар супурги экилади.
75 минг тонна уруғликлар (дуккакли, озуқабоп, сабзавот, полиз ва бошқалар, 350 минг тонна минерал ўғитлар (фосфорли, азотли ва калийли), 45,0 минг тонна ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари захираси яратилди ва ўз вақтида етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 20 сотихга такрорий экин эккан фуқаро ўртача 5,5-6 миллион сўм фойда олиши кутилмоқда. Бу жараёнда маҳсулот етиштирувчи фуқаролар билан мева-сабзавотчилик кластери, қайта ишловчи ва экспортёр корхоналарни узвий ҳамкорлигини таъминловчи тизим яратилмоқда. Бунда, экинларни экиш, парваришлаш ва йиғиб олиш учун қулайлик яратиш, етиштирилган маҳсулотларнинг нобудгарчилигини олдини олиш мақсадида туманлардаги ҳар бир секторга мева-сабзавотчилик кластерлари, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналар ҳамда «Томорқа хизмати» МЧЖлар бириктирилди.
Ушбу корхоналарнинг талаблари асосида «Бир ҳудуд - бир маҳсулот» тамойили асосида экинларининг экспортбоп навлари экилиши маҳсулот турлари бўйича фуқаролар билан шартномалар тузилмоқда. Бунда нархлар маҳсулот пишган даврдаги бозор нархларига қараб ўзгариши ҳисобга олинади.
Сайёра Шоева, ЎзА