Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир харажатлар сметасини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Адҳам ИБОДУЛЛАЕВ ЎзА мухбирига ушбу сметада назарда тутилган харажатлар, маблағларнинг аниқ ва манзилли сарфланиши, унинг назорати хусусида қуйидагиларни гапириб берди.
– Марказий сайлов комиссияси олдида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини сайлов қонунчилиги талабларига риоя этган ҳолда, халқаро сайлов стандартларига мувофиқ, юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш каби юксак вазифа турибди. Ушбу вазифа ташкилий-ҳуқуқий масалалар билан бир қаторда молиявий масалаларни ҳам ҳал этишни ҳам талаб этади.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов ва Бюджет кодекслари, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига кўра, 2021 йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 300 миллиард сўм этиб белгиланган.
Шунга кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 14 апрелда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича Асосий тадбирлар дастурининг 20-банди ижросини таъминлаш мақсадида Сайлов кодекси талабларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметаси ишлаб чиқилди.
Уни ишлаб чиқишда бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳудудлардаги мавжуд сайлов жиҳозлари ва товар моддий қийматликлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Сайлов жиҳозларига бўлган ҳақиқий эҳтиёжларга аниқлик киритилиб, харажатлар сметасида инобатга олинди.
Шунингдек, харажатлар сметаси Молия вазирлигининг масъул ходимларини жалб этган ҳолда бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ҳар бир сўми ўз йўналиши ва мақсадли сарфланиши юзасидан таҳлил қилинган ҳолда режалаштирилган.
Харажатлар сметаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда белгиланган миқдор доирасида шакллантирилди ва ўрнатилган тартибда Молия вазирлиги билан келишилди.
Харажатлар сметасини шакллантиришда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча маблағ талаб этиладиган жиҳатлар алоҳида ҳисобга олинди.
Жумладан:
– Сайлов кодекси талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича 14 та округ сайлов комиссияси харажатлари учун;
– Қонунчиликка мувофиқ 10 800 га яқин участка сайлов комиссиясининг ҳар бирига, эҳтиёждан келиб чиқиб, Давлат байроғи, Давлат герби, сайлов анжомлари билан жиҳозлаш,
(яъни яширин овоз бериш кабинаси, овоз бериш қутиси) тарқатма материаллар ва бошқа товар-моддий қийматликлар билан таъминлаш;
– Округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига жалб этиладиган қарийб 140 000 минг нафарга яқин комиссия аъзосининг иш ҳақи ва компенсация тўловларига.
Бундан ташқари, сайлов бюллетенлари ва таклифномаларини тайёрлаш ҳамда сайлов участкаларигача етказиб бериш учун транспорт харажатлари молиялаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори белгиланган тартибда режалаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасида режалаштирилган маблағлар қуйидагича тақсимланган:
– Сайловни ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари харажатлари округ сайлов комиссияси томонидан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ҳисоб рақами орқали амалга оширилади;
– 14 та округ сайлов комиссияларининг харажатлар сметасида ҳар бир округ учун қарийб 57 миллион сўмдан ҳамда хар бир участка сайлов комиссияси учун 12 миллион сўмга яқин миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган.
Округ ва участка сайлов комиссияларининг харажатлар сметасида режалаштирилган маблағлар барча комиссия аъзоларининг иш ҳақи ва компенсация тўловлари, ягона ижтимоий тўловлар, хизмат сафари ва фельдегерлик хизмати харажатлари, сайлов бюллетенлари ва таклифномаларни сайлов участкаларигача етказиб беришни ташкил этиш учун транспорт харажатлари, шаҳарлараро телефон алоқаси, сайлов комиссияларига пешлавҳа ва ахборот стендлари тайёрлаш харажатлари, сайлов округларида такрорий овоз бериш жараёнларини молиялаштириш учун сарфланади.
Округ ва участка сайлов комиссиялари учун ажратилаётган маблағларнинг қарийб 80 фоиздан ортиғи иш ҳақи ва компенсация ҳамда ягона ижтимоий тўловлар учун сарфланади.
Яна бир муҳим масала. Айни вақтда мамлакатимизда, қолаверса, бутун дунёга хавф солиб турган пандемия шароитини инобатга олган ҳолда сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчиларнинг саломатлиги билан боғлиқ хавфсизлигини таъминлаш мақсадлари учун ҳам маблағлар кўзда тутилган. Хусусан, шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекцияловчи материаллар билан таъминлашга – 11,5 миллиард сўм режалаштирилган. Шу ўринда айтиш лозимки, агарда сайлов кунлари пандемия шароити юмшаб, бу маблағларни тўлиқ сарфлашга эҳтиёж бўлмаса, ҳақиқатда сарфланган маблағдан қолган қисми давлат бюджетига қайтарилади.
Жорий йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг олдинги сайловлардан яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови илк бора Сайлов кодекси асосида ўтказилмоқда. Қолаверса, шу йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши натижасида Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали сайлов тизими янада такомиллаштирилди.
Масалан, Қонунчиликка киритилган ўзгаришларга мувофиқ эндиликда сайлов комиссияси фаолиятига жалб қилинган барча комиссия аъзоларига (овқатланиш, транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш мақсадида) компенсация тўловлари тўлаб берилади.
Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан, пенсионерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақлари тўлаб берилиши қонун билан белгилаб қўйилди. Бундай амалиёт комиссия аъзолигига жалб этилган фуқароларнинг мажбурий меҳнатига йўл қўймаслик мақсадида жорий этилган.
Бундан ташқари, жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловда доимий иш жойига эга бўлган фуқароларнинг ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод этилган ҳолда сайлов комиссиясининг қарорига биноан комиссия аъзолигига жалб этилганда доимий иш жойидаги иш ҳақи тўланмайди. Бу ҳолатда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан уларга асосий иш жойидаги ўртача иш ҳақи ҳисоблаб тўланади.
Сайлов кодекси талабларига асосан сайловда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида илк бор фойдаланилган. Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати такомиллаштирган ҳолда зарур техник тайёргарлик билан биргаликда сайлов комиссиялари аъзоларини ҳам ахборот коммуникация технологиялари бўйича тайёрлаш учун ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов комиссияси аъзолигига номзодларнинг малакасини ошириш концепцияси” ижроси бўйича тренерлар ва мониторинг гуруҳи аъзоларининг округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига жалб этиладиган номзодлар ва аъзолари ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида энг мақбул услубдан, яъни каскад усулида ўқув машғулотларини ташкил этиш учун 18 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, каскад усулида ташкил этилган ўқув машғулотларида Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимлари ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати бўйича семинар-тренингларни ўтказувчи ҳудудий тренерларни тайёрлаш, улар томонидан сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш учун машғулотлар олиб бориш ҳамда Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимида ишлашга ўргатиш бўйича услубий қўлланма тайёрлаш ва чоп этишлар ҳам инобатга олинган.
Ушбу тадбирлар учун ажратилган маблағларнинг 92 фоизи тренерлар ва мониторинг гуруҳи аъзоларининг иш ҳақи тўловлари билан боғлиқ харажатларни ташкил этади.
Шунингдек, округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти давомида ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, жаҳон интернет тармоғига узлуксиз уланиш ҳамда алоқа воситаларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида қарийб 20 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, сайловга оид босма материаллари ва сайлов ташвиқотига оид ахборот ва маълумотларни чоп этиш учун қарийб 14 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган.
Сайловда иштирок этадиган сиёсий партияларни молиялаштириш учун, яъни умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амалга ошириш харажатлари учун 15 миллиард 486 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бунда ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзод учун 3 миллиард 97 миллион сўм тўғри келмоқда.
Сайловга ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан сайлов якунлари эълон қилингандан сўнг белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясининг веб-сайти орқали ва ижтимоий тармоқларида ҳисоботи ёритиб берилади.
Ажратилган маблағлар аниқ ва манзилли сарфланиши қонунда белгиланган тартибда тегишли давлат идоралари томонидан назорат қилиб борилади. Шу билан бирга, сайлов якунида иқтисод қилинган маблағлар давлат бюджетига қайтарилади.
ЎзА мухбири
Нурилло Насриев ёзиб олди.