Орамиздаги одамлар
Мақоламиз қаҳрамони, ажойиб инсон Азиз ака Тўраев ҳақида ўйлаганимда, беихтиёр француз файласуфи Даламбернинг “Ҳақиқий соф виждонли киши ўзидан оилани, оиладан ватанни, ватандан инсониятни устун қўймоғи керак” деган сўзлари ёдимга келади. Ҳаммага ҳам бундай улкан инсоний туйғулар, шахслик даражалари билан яшамоқ насиб этавермайди.
Бўстонлиқнинг оддий қишлоғида туғилиб, ўз устида тинимсиз ишлаши, интилиши, тафаккури сабаб Азиз Оппоқович Тўраев республикамизнинг таниқли давлат ва сиёсат арбоби даражасига етди. Бутун ҳаёти давомида эл-юрт ривожи, Ватан дарди, унинг равнақи йўлида яшаб келмоқда. Азиз аканинг сайқалланган истеъдоди, қобилияти, битмас-туганмас куч-ғайрати, ёрқин ақл-идроки, чексиз орзу-ниятлари, жўшқин энергия ва шижоатига гувоҳ бўлган кишилар акага ҳавас қилади.
Азиз Тўраевнинг фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, у киши республикамизнинг ривожига бетакрор ҳисса қўшган буюк давлат арбоблари Усмон ота Юсупов, Шароф ота Рашидовлар раҳбарлигида оддий мактаб ўқитувчилигидан Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси Маданият бўлими мудирлиги даражасигача бўлган пиллапояларни босиб ўтганига гувоҳ бўламиз. Бир неча бор Ўзбекистон Олий Совети депутати, Ўзбекистон Компартияси Марказқўми аъзоси этиб сайланган.
Мен Азиз ака ҳаётини яхши билган дўст сифатида у киши устозларига бўлган ихлос ва садоқатдан бахт топганини эътироф этаман доим. Устозлари ҳақида гапирар экан: “Мен, – деб эслайди Азиз ака, – тилларда достон бўлган афсонавий раҳбар Усмон ота Юсуповни 1957 йилда илк бор кўрганман. 1956 йили Тошкентдаги педагогига техникумини тамомлаб, Мирзачўлдаги Боёвут туманига йўлланма билан ишга борганман ва 1957-1958 йилларда Усмон ота раҳбарлигида 4-Боёвут совхозидаги 47-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганман.
Яқиндан танишишим эса 1959 йилда юз берган. Ўша йилнинг февралида мени Боёвут тумани комсомол қўмитаси секретари лавозимига сайлашди. Иш юзасидан совхозда кўп бўлишимга тўғри келган. Ҳар сафар борганимда туман ёшлар етакчиси сифатида албатта хўжалик раҳбари билан учрашишга тўғри келарди. У киши ҳар сафар борганимда “Ўғлим, яхши келдингми, бизга нима хизмат?” дея кутиб оларди. Шундай масъулиятли лавозимларда ишлаган бўлсаларда ўзини ҳеч қачон катта тутмасдилар, кибр қилмасдилар.
Жуда ёш бўлсам ҳам менга ҳурмат кўрсатардилар. Ҳатто уларга бевосита тегишли бўлмасада хўжаликнинг комсомол сайлов йиғилишларида ҳам фаол қатнашарди. Шундай юксак инсоний фазилатлари, камтарликлари ва меҳнатлари учун ҳам Усмон ота элнинг фарзандидан халқнинг отасига айландилар.”
Азиз ака Боёвут туманида комсомол қўмитасини бошқарган йилларда район қўмитаси секретари, сўнг Жиззах вилояти ижроқўми раиси лавозимида ишлаган Эркабой Исмоилов, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раимберди Жумаев, ўша пайтдаги “Коммунизм” колхози раиси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Турсунбой Латипов, Боёвут совхози директори Қуддус Рашидов каби устозлар билан елкадош бўлиб меҳнат қилди. Вақт ўтиб мақоламиз қаҳрамони Сирдарё вилояти комсомол қўмитасини бошқаради. Ўша йилларда у киши раҳбарлигида ишлаган кўплаб кадрлар, шогирдлари ҳозир республикамизнинг турли вилоятларида масъул лавозимларда меҳнат қилмоқда.
Айниқса, Азиз ака Тўраевнинг вилоят маркази – Гулистон шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимида ишлаган йиллари алоҳида эътиборга молик. Вилоятнинг тикланиши ва ривожига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган шогирдлари, тенгдошлари ўша йилларни – одамни ҳайратга солувчи чўлни ўзлаштириш кунлари-ю тунларини алоҳида ғурур билан эслашади.
Гулистоннинг обод бўлишида Азиз ака Тўраевнинг жонбозлиги, меҳнатсеварлиги, оғир кунларда ҳам Гулистон, умуман олганда, вилоят халқига бўлган меҳри ҳақида ҳозир ҳам қалбдан гапиришади, эъзозлашади. Республикамизнинг раҳбари Шароф Рашидовнинг Сирдарё вилоятига бўлган навбатдаги сафари чоғида Азиз ака Тўраев у кишининг назарига тушади.
Кўп ўтмай Азиз ака Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасига таклиф этилиб, маданият бўлимини бошқара бошлайди. Шу ўринда қайт этиб ўтмоғим керакки, баъзан ўтмишни қора бўёқлар билан тасвирлашга уринадиганлар топилади, бироқ ўша тизимда ҳам мукаммал ишлаб чиқилган, аниқ иш механизмига солинган ва амалиётда ўзини оқлаган қоидалар бор эдики, улардан мосуво бўлиш ҳаётимизда маълум қийинчиликарга, хатоликларга олиб келишини инкор этиб бўлмайди.
Давлатчиликни юритиш, бошқариш қотиб қолган догма бўлолмайди, давлат бошқаруви кадрлар сиёсатининг оқилона юритилиши билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис ҳам Шароф отадек инсонлар сиёсат оламига иродали, талантли, дипломатик шуури кучли инсонларни олиб кирганлар. Буни тан олмай ўтмишга тош отиш, менинг назаримда, ўз ота-боболаримизга тош отишдек гап. Қолаверса, “Ўтмишга тўппончадан ўқ отсанг, келажак сени замбарак билан кутиб олади” деган доно гаплар ҳам борку.
Шароф Рашидов вафотидан сўнг у кишига ғанимлари томонидан қанчалик кўп тошлар отилмасин, номи қора қилинмасин, барибир, у киши даврида Ўзбекистонимизда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалар олдида турган энг мураккаб вазифаларни уддалайдиган тажрибали, юксак салоҳиятга эга бўлган раҳбар кадрлар корпуси яратилган эди. Азиз Оппоқович Тўраев ҳам Шароф Рашидов йилларида шаклланган ана шундай тизимнинг маҳсули, вакили эди, десам адашмайман.
Ижодкорларга, умуман адабиёт, санъат, маданият аҳлига ҳурмат, иззат -икром кўрсатиш қандай бўлиши лозимлигини, деб хотирлайди Азиз Оппоқович – шахсан мен Шароф Рашидовдан ўрганганман. Вафотидан сўнг айрим ижодкорлар орасида унинг даврини камситганлари ҳам бўлди. Лекин, мен керак бўлса ҳамма масъулиятни бўйнимга олиб айтишим мумкинки, 70- йиллардан сўнг бошига бундай кулфат тушган ижод аҳлини эслай олмайман.
Шу ўринда мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини жуда кўп йиллар бошқарган Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Комил Яшин билан бўлган учрашувимиз ҳақида тўхталмоқчиман. 90-йилларнинг бошлари эди, Комил Яшин менга телефон қилиб қолди. Комил Яшин ва у кишининг умр йўлдоши Ҳалима Носировалар билан деярли қўшни бўлиб яшар эдик. Оилавий учрашувларимиз уларнинг хонадонларида ўтарди. Иккалалари ҳам ўта камтар, меҳрибон, одамлар учун жонини беришга тайёр инсон эди. Телефондаги суҳбатларидан сездимки, нимадандир хафа, ўта безовта эдилар.
– Мавлонжон, сиз билан учрашмоқчиман, қачон қабулингизга борсам бўлади, – дедилар.
–- Яшин ака, сиз учун эшигимиз ҳамиша очиқ. Овора бўлмаслигингиз учун ўзим бораман, –дедим.
– Жуда зарур гапим бор, – деди Комил Яшин.
Хонада иккаламиз узоқ гаплашдик...
– Хабарингиз бор, – деб сўз бошлади Яшин ака. – Ҳалима опангиз узоқ йиллардан буён астма касаллигидан қийналади. Шу сабаб Шароф Рашидовнинг топшириғи ва Азиз акангиз Тўраев назоратида Бўстонлиқ туманидаги “Оқтош” санаторияси ёнидан Ҳалима опангиз учун тахтадан бир уй қуриб берилган эди. Ҳозир мана шу уйни Ўрмон хўжалиги раҳбарияти биздан тортиб олмоқчи. Олдинлари бирор бир муаммомиз бўлса, Азиз Оппоқовичга борар эдик, ҳозир у киши бошқа лавозимда. Нима қилишимизни билмаймиз...
Мен ўрмон хўжалиги вазирига телефон қилдим. Муаммонинг моҳиятини, яъни ижодкорга эҳтиромли ва ҳимматли бўлиш кераклигини айтдим. Ёнимда Комил Яшин бор, у киши сизга салом айтмоқдалар, деб қўшиб ҳам қўйдим. Масала ҳал бўлганлигидан Яшин ака ўта миннатдор бўлди. Биз хайрлашдик. У кишини пастгача кузатиб, орқага қайтар эканман, одамнинг қадрини билмайдиган, ижодкорларга эҳтиромни англамайдиган, ўз нафси учун бировни мулкини тортиб олишга тайёр ноинсоф кадрлар ҳақидаги ўйлар мени чулғаб олган эди.
Айтишларича, вақт ўтиб, (бизнинг қўллардан имкон кетганида) Ўрмон хўжалиги раҳбарияти барибир ўша уйни ўзига олиб, бошқа бировнинг номига хусусийлаштирган экан... Афсус, баъзида истеъдодга бўлган муносабатдан хафа бўлиб кетасан одам.
...Миннатдор бўлиш керакки, бугунги кунда истеъдодларни асраш, уларга эҳтиром кўрсатиш борасидаги позициялар ижобий томонга ўзгарди. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан бу борада жуда улуғ ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиевалар номида ижод мактаблари очилди. Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов каби бир қатор ижодкорларга Адиблар хиёбонида муҳташам ҳайкаллар ўрнатилди.
Бироқ, хаёл сураман: ўзимизнинг адабиёт ва санъатимизнинг икки дарғаси Комил Яшин ва Ҳалима Носирова нега четда қолди? Уларнинг пок номлари борган сари хотиралардан ўчиб бормоқдаку?
Шароф Рашидовнинг вафотидан кейинги кун Азиз акага телефон қилдим. Ўта тушкун ҳолда аранг гапирар эди: Сен Ҳалимага айт, Шароф Рашидовни ўлими ҳақида дил сўзларини ёзсин, тайёр бўлса, менга олиб келгин, – деди. – Кўпчилик ўз муносабатини билдирмоқда, – деб қўшиб қўйди. Ўша кунлари Ҳалима кичик қизим билан касалхонада эди, кечқурун касалхонага бориб, бўлган гапни унга етказдим. Ҳалима тўхтамасдан йиғларди... Эрталаб тонгда менга телефон қилди: “Оғир ҳолат отаси...лекин, бир- икки варақ қоралагандай бўлдим, кўрингчи, маъқул бўлса, берарсиз”. Ўша куни эрталаб шеърни Азиз Оппоқовичга етказдим, у кишига жуда маъқул бўлди. Шеър газеталарда, биринчи бўлиб “Тошкент оқшоми” газетасида чоп этилди. Ўша қора кунларда ёзилган бу шеър халқимиз юрагининг тўридан жой олган эди.
Алвидо, Отажоним
Устоз Шароф Рашидов ўлими муносабати билан
Алвидо, отажоним, демоққа тилим бормас,
Марҳум, деб ғамингизни емоққа дилим бормас,
Ё раб, бу видо шеърни ёзмоққа қўлим бормас ,
Ногаҳонда мард юрак, панд бердими, отажон,
Сиздан халқнинг умиди, шул эдими, Отажон.
Юракларга қулаган энг юксак тоғ, дейинми,
Авжи етилганида дўл урган боғ, дейинми,
Бир шогирддай кўксимда, ҳеч ўчмас доғ, дейинми,
Нима дейин сўзданам, адаштириб қўйдингиз,
Ҳамма даврадаку, сиз, барвақт қуриб кетдингиз.
Тошкентнинг ҳар уйининг асосин сиз қўйгансиз,
Ўз рўзғорингиз каби бул шаҳарни суйгансиз,
Ўзбекистон деганни жонингизда туйгансиз,
Бирдан у хабар... ҳар уй зир титраса нетарсиз,
Ҳар бир ғишти тилга кириб, “Қани?” деса нетарсиз?
Сор бургут энг баландда урилгандай қояга
Қандоқ гўзал ўлим бу, ҳожат йўқ ҳимояга,
Тириклик ҳам, ўлим ҳам тикилган бир ғояга,
Яшамоқ ва ўлмоқни , бу хил уддалаш бирдай,
Менга туюлар гўзал, ҳеч ечими йўқ сирдай.
Бир кун “Олтин водийдан шабода” эсар сим-сим,
“Ғолиблар”ингиз кўнгли – видо жомидир, лим-лим,
Олимжонлар тураркан бош кўтаролмай, жим-жим,
Тугатолмай қолдирган китобингиз куймасми
Ойқиздек Холбувилар қаро-қаро киймасми?!
Бул кунларам ўтар-у, ўтар жафога қийин,
Азал-абад жоннисор, содиқ вафога қийин,
Сизга эллик йиллик дўст – Хурсанд опага қийин,
Тобут узра кўксини ушлаб ҳар жон тўкилди,
Алп фарзанддан айрилган – Ўзбекистон тўкилди.
Баъзан битта одамнинг кўнглини топмоқ мушкул,
Чорак аср бутун бир халқ кўнглига топиб йўл,
Қон-қардош хорижийга “жигарим” деб, тутиб қўл,
Яшадингиз, келсалар хотирангизни “сиз”лаб,
Анжуманлар тўридан қолмасми сизни излаб.
Мен қандоғам йиғламай, тоғу-тошлар йиғласа,
Дийдаларни куйдирган аччиқ ёшлар йиғласа,
Бир умр эгилмаган эгик бошлар йиғласа,
Юрт Юртбошини йўқлар, қандоқ қаро кундир бу,
Сарбонини йўқотган карвони – забундир бу.
Кўз юмдим, ўтаверар оломон қатор-қатор,
Олдда маҳзун аёллар, суянишган бемадор,
Халқим бу хил ўлимни сен қачон кўрганинг бор,
Халқим-ей, бу ўғилни қандоқ бердинг тупроққа,
Умидинг борми тағин шундоқ ўғил топмоққа?
“Бор, бор” дейман ўрнингиз бўшмаслигини кўриб,
Бир эл боласи йироқ тушмаслигини кўриб,
Олдинга чиққанларнинг фикр тиғини кўриб,
Аминман, бу юрт тағин Юртбошисини топгай,
Халқ тағин қад кўтаргай, тағин омади чопгай!
Бугун эса...бу ўлим сиғмас ҳеч бир таъбирга,
Бугун кўмирдай куйиб йўл оларкан қабрга,
Тоқатга тоқат тилаб, сабр тилаб сабрга,
Халқим, қайтмас бир даҳо ўғлинг учун куяман
Алвидо, деб бу шеърга қандоқ нуқта қўяман?!
Алвидо, отажоним, демоққа тилим бормас...
Ҳалима Худойбердиева
Шу ўринда эслагим келди: Азиз акам билан шу йилнинг апрель ойида бўлган учрашувимизда у киши менга Ҳалима ёзган мазкур шеърнинг асл нусхасини бердилар. Ҳа, ўша ўз қўли билан Шароф Рашидов ҳақида ёзган шеъри... Ажабо, ўша кунга ҳам 38 йил бўлибди. Шунча йил Азиз ака архивида сақланаётган экан. Мана Азиз акадек улуғ инсонларнинг истеъдодга, шеърга бўлган ибратли муносабати.
“Дунёда ажаб ишлар кўп... КПСС МК ва СССР Министрлар Совети 1986 йил 22 май кунги қарори билан Шароф Рашидов хотирасини абадийлаштириш бўйича 1983 йил 23 декабрда қабул қилинган қарорни бекор қилди. Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси катта залида ўша қарорни ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг, – деб эслайди Азиз Оппоқович, – мажлис қатнашчилари томонидан Шароф аканинг номига бўҳтонлар ёғдирилиб, шаънига ёлғон айбловлар қўйилди.
Мен мажлисда ичимни еб ўтирардим. У ерда бу улуғ инсонни, қолаверса, марҳумни ёмонлаб гуноҳга ботаётган кимсалар кечагина Шароф Рашидовнинг раҳбарлик салоҳияти ҳақида тўлиб-тошиб гапирган, доно ва билимдон сиёсатчи, халқпарвар раҳбар дея кўкларга кўтариб мақтаган майда, пасткаш ҳамкасблар эди. Уларнинг гапларини эшитиш, манфур башарасига қараб ўтириш мен учун ниҳоятда азобли бўлганди. Улар Ўзбекистон партия қўмитаси йўл қўйган барча камчиликларни Шароф Рашидовга тақадилар!”
Азиз аканинг хотираларини қўллаган ҳолда одамзотнинг ажаб қилиқларидан бир мисол келтираман. Мен Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаётган пайтимда Ўзбекистон Олий Совети сессияларининнг 70-80 йиллардаги айрим материаллари билан танишгандим.
Ўша йилларда ўтган сессияларнинг бирида сўз олган вилоят раҳбарларидан бири Шароф Рашидов тириклигида, лавозимда эканида 34 маротаба Рашидов номини улуғ сўзлар билан олқишлаган бўлса, Шароф отанинг вафотидан сўнг, қораланганидан сўнг эса 44 марта таҳқирли, бўҳтонли сўзларни ёғдирганди... Ҳатто шогирдлардан яна бири эса Шароф Рашидов бюсти (ҳайкали) майдалаб ташлангани ҳақидаги протоколни мағрурона кўтариб юрган эди. Москвада ин қурган қора кучлар ва уларнинг ўзимиздаги ҳамтовоқлари Шароф Рашидовни қанчалик қораламасинлар, бу буюк инсоннинг Ўзбекистонга, ўзбек халқига қилган яхшилиги кўп ва халқимиз ўзининг даҳоси деб билади.
Немис файласуфи “Нима бўлганда ҳам, барибир, қабр тақдир зарбаларига қарши энг аъло қалъадир” деб ёзган экан. Шароф Рашидов энди тақдир зарбалари етмайдиган қалъада. Марҳум ҳақида ёмон гапиришгина эмас, ёмон хаёлга боришнинг ўзи гуноҳларнинг каттасидир.
...1989 йилнинг ёзида Ислом Каримов Ўзбекистон Марказқўмининг биринчи котиби этиб сайланди. Шу йилдан бошлаб Шароф Рашидов ҳақидаги бўҳтонларга нуқта қўйилади. Шароф отанинг муборак номи, у кишининг фаолияти ҳақида биринчилар қаторида Азиз Оппоқовичнинг турли мақолалари, суҳбатлари газета ва журналларда босилиб чиқа бошлайди. 2017 йилда эса “Биз билган ва билмаган ҳазрати инсон” китоби босмадан чиқади.
Бу китоб омма орасида зўр қизиқиш билан кутиб олинди. Муаллиф номига минглаб олқиш хатлари юборилди. 1992 йил 10 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” қарори эълон қилинганди. Мамлакатимиз аҳолиси бундай қарорни кўтаринки руҳ билан кутиб олган эди.
КПСС Марказий комитетининг Шароф Рашидовни қоралаш ҳақидаги шармандали қарори эълон қилинган кундан 6 йил ҳам ўтмай халқимизниннг буюк фарзанди Шароф Рашидовнинг номи бутунлай тикланди. Шубҳасиз, бундай улуғвор ҳаракатнинг тепасида республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов турар эди. Буюк одамларнинг қисмати ҳам буюк бўлади, тарихдан шундай.
Инсоният учун қилинган улуғвор ишлар қора кучлар томонидан қанчалик қораланмасин, барибир, тарих зарварақларидан ўчирилмайди. Тарихий манбаларга кўра, буюк немис олими Галилей ўлимидан 1929 йил ўтиб, яъни 1971 йилда католог черкови Галилей устидан чиқарилган айблов ҳукмини бекор қилган экан.
Мамлакатимизнинг ҳам ноҳақ қораланган юзлаб, минглаб кадрлари Ислом Каримов ишлаган йилларда ва ундан сўнг Президентимиз, халқпарвар инсон Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги даврида тўла оқланиб халқимиз фаровонлиги учун турли соҳаларда меҳнат қилмоқдалар. Кадрлар сиёсатидаги муҳим усул ҳам айнан яхши кадрни тайёрлаш, парваришлаш ва халққа хизмат қилдиришдир.
Азиз Оппоқовичнинг ажойиб фазилатларидан яна бири у кишининг китобларга ошнолигидир. Шароф Рашидов, Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Анна Ахматова, Комил Яшин, Шайхзода, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ва бошқалар ҳақида суҳбат кетса, улар тўғрисида соатлаб гапиради, шеърларидан ёд ўқийди. Уйларига борсангиз, гўё кичик кутубхонага киргандек бўласиз. Китоб жавонлари ўзбек, рус, тожик, қозоқ, арман, озарбайжон, қирғиз, туркман ва бошқа чет миллат вакилларига мансуб адиблар асарлари билан тўлган.
– Бу китобларни умрим давомида йиғганман, – дейди Азиз ака. – Деярли ҳаммасини оила аъзоларимиз билан мутолаа қилганмиз. Китоб олгандан кейин у ўқилиши керак. Китобни сотиб олаверсангизу ўқимасангиз кутубхонангиз китоблар мозорига айланади.
Устозимиз Азиз Оппоқович билан ҳамиша фахрланамиз. У киши ишлаган йиллар ўзбек адабиёти, санъати, маданиятининг гуллаган даври бўлган, десак янглишмаймиз.
Азиз Оппоқович қайси лавозимда бўлмасин,у кишининг асосий аъмоли – одамийлик, инсон бўла олиш, энг муҳим фазилати эса – ҳалоллик, тўғрисўзлик, Ватанга садоқат бўлган.
Катта халқ, улуғ миллатларга эса Азиз ака Тўраев каби нодир фарзандлар ҳали кўп керак бўлади.
Мавлон Умурзоқов,
иқтисод фанлари доктори, профессор