Ёшлар ишлари агентлиги директори Aлишер Саъдуллаев “Тошкентда беш ташаббус ҳаракати” доирасида ёшлар билан мулоқот қилди.
Маълумотга кўра, волонтёрлик тажрибасига эга бўлган ходимлар яхши иш топиши эҳтимоли юқори экан. Кўпгина мамлакатлардаги ишхоналарда чеклов мавжуд бўлса, улар аввало волонтёрлик тажрибасига эга кишини танлашар экан. Чунки ушбу жараёнда қатнашиш давомида мутахассислар ҳаётий кўникмаларни эгаллайдилар – алоқага киришиш, муросага келиш, вазиятни ҳис қилиш қобилияти ривожланади.
–Волонтёрлик Ўзбекистонда янги тушунча эмас, фақат илгари уни бошқача номлашган, – деди Алишер Саъдуллаев. –Волонтёрларга уларнинг маданият даражасини ошириш учун билим бериш керак. Биз Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси билан биргаликда волонтёрлар мактабини очишга қарор қилдик. Бу нима учун керак? Гап шундаки, волонтёрлик ҳамма билиши керак бўлган муҳим аҳамиятга эга йўналиш. Чет мамлакатларда волонтёрлар маълум йўналишни, ёш ёки динни танламайди. Бу муҳим умуминсоний ҳаракат, жамиятнинг муҳим элементи, шунинг учун уларга майдон яратиш керак.
Шунингдек, учрашув давомида А. Саъдуллаев Ўзбекистон бўйлаб 14 та ҳудудда волонтёрлар мактаблари очилишини маълум қилди. Эндиликда волонтёрлар учун ҳар бир минтақада моддий-техника базаси билан жиҳозланган алоҳида офис бўлади.
–Шунингдек, волонтёрлар марказларини очиш таклифи ҳам мавжуд. Ҳозир университетлар ҳузурида 30 та шундай марказни яратиш муҳокама қилинмоқда. Бу талабалар бўш вақтида, дарслар оралиғи ёки якунида йиғилишиб, ўзларининг лойиҳаларини муҳокама қилишлари учун хизмат қилади,–дея таъкидлади Саъдуллаев.
Гулноза Бобоева, ЎзА