Алишер Навоий номидаги киносаройда Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Мерос” бадиий фильмининг катта премьераси ўтказилди.
9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган премьерада Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон қозоқ миллий маркази раиси Серикбай Усенов, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов барчани байрам билан қутлаб, фильм ижодкорларига миннатдорчилик билдирди.
Фильм режиссёри Ҳилол Насимов Беларусдаги съёмка жараёнлари ва фильм устида олиб борилган ишларга қисқача тўхталиб ўтди. Шундан сўнг “Мерос” тарихий драмасининг катта премьераси тақдим этилди. Ушбу фильм Иккинчи жаҳон уруши давридаги ўзбек ва қозоқ ёшларининг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади.
Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Ҳилол Насимов, постановкачи оператор Ҳусан Алиев, композитор Дмитрий Янов-Яновский, постановкачи рассом Фазлиддин Турдиев. Фильмда Рустам Каримов, Мунаввара Абдуллаева, Ғайрат Ҳусайинов, Бобур Айтбагамбетов, Фотиҳ Насимов, Ойсанам Юсуповалар роль ижро этишган.
Файзулло Яҳёев, ЎзА