Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар дастлаб “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Маълумки, амалдаги қонун дастлаб 1991 йилда, сўнг 1998 йилнинг 1 майида янги таҳрирда қабул қилинган. Табиийки, айрим моддалар бугунги кун талабларига жавоб бермай қолди. Шу боис, мазкур қонун лойиҳаси қайтадан тайёрланди ва унда учта манбага таянилди.
Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач 500 дан ортиқ таклифлар келиб тушди ва уларнинг аксарияти эътиборга олинди.
Фракция аъзоларининг қайд этишича, лойиҳада виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ айрим саволларга ечим топилмоқда.
Диндорларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга йўл қўйилмаслиги кафолатланмоқда. Шу билан бирга, қонунчиликка риоя қилмаган диний ташкилотларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва чеклаш қоидалари белгиланмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари, одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатиш ҳуқуқи бериляпти.
Диний ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби енгиллаштирилиб, амалдаги қонундаги бир қатор чекловлар олиб ташланяпти. Шунингдек, диний ташкилотларга бир қатор қўшимча кафолатлар лойиҳада ўз аксини топмоқда.
Хусусан, қонунбузилишига йўл қўйган диний ташкилотлар фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш фақат суд тартибида амалга оширилиши ва уларга аниқланган камчиликни бартараф этиш учун 6 ойгача имконият бериш каби қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасини ижобий баҳолаб, ўз таклифларини билдирди ва муқаддас қадриятимиз бўлган динимиз, жамиятнинг маърифат ва тараққиётга хизмат қилувчи кучини қора ниятлар ва ғараз мақсадларга хизмат қилишига йўл қўймаслик лозимлигини таъкидлаб, лойиҳани иккинчи ўқишда маъқуллади.
Шундан сўнг депутатлар “Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Амалдаги қонунчиликда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмишларни малакалашда бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқни қўллашда ягона амалиёт шаклланишини таъминлаш мақсадида Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда: таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Ана шундай дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун дастлаб маъмурий, сўнгра жиноий жавобгарликни сақлаб қолиш, кучли таъсир қилувчи моддалар, шу жумладан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласидаги “кўп миқдор” тушунчасини аниқлаш бўйича ягона амалиётни шакллантириш учун ушбу миқдор унинг ҳажмига қараб тегишли давлат органи томонидан белгиланишини назарда тутиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, таҳлиллар кучли таъсир қилувчи моддаларнинг муомаласи билан боғлиқ жиноятларнинг сони ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Жумладан, Жиноят кодексининг 2511-моддаси билан қўзғатилган жиноят ишлари сони 2019 йилда 23 тани ташкил этган бўлса, 2020 йилда ушбу рақам 230 тани ташкил этиб, жиноятлар сони 207 тага кўпайган.
Депутатлар қонун лойиҳани биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллади.
Н.Насриев, ЎзА