Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман томонидан “Business” МЧЖ (номи ўзгартирилди)нинг мурожаатига асосан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ходими томонидан ўтказилган текширувнинг қонунийлиги ўрганилди.
Аниқланишича, давлат катта солиқ инспектори С.Д. томонидан 2016 йил 1 январдан 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган давр учун “Business” МЧЖнинг фаолиятида камерал солиқ текшируви ўтказилган. Аммо С.Д. ҳали тегишли тартибда аттестациядан ўтмасдан ва махсус гувоҳнома олмасдан тадбиркор фаолиятида текширув ўтказган.
“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишига текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома, шахсий гувоҳнома мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилиши белгиланган.
Бизнес-омбудсман ахборот хизмати маълумотига кўра, ушбу ҳолат бўйича айбдор бўлган солиқ инспекторига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди ва судга юборилди. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг қарорига кўра солиқ органи ходими С.Д. ҳуқуқбузар, деб тан олинди ва унга нисбатан жарима жазоси қўлланилди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА