Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида "Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ" миллий медиа дастури доирасида ташкил этилган Ёшлар медиа ҳафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Иқтидорли ёшларни аниқлаш, қўллаб-қyвватлаш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юз бераётган ижобий ўзгаришларни оммавий-ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фаол ва холис ёритишда ёшлар иштирокини кучайтириш, шунингдек, мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – матбуот котиби Шерзод Асадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва бошқалар иштирокчиларни 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан ташкил этилган медиа-ҳафталик билан қутлади.
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА), Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, ЮНEСКО ишлари бўйича комиссия, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва MY5 телеканали ҳамкорлигида ташкил этилган медиа ҳафталикда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари матбуот хизматлари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар вакиллари, ёшлар иштирок этмоқда.
- Бугунги кунда ҳамма ўзи билмаган ҳолда журналист. Мамлакатимизда сўз эркинлиги бор, шунинг учун ҳам улар ҳар қандай мавзуни ҳаққоний ёритишлари мумкин. Ушбу форумнинг очилиш маросими жаҳон матбуот эркинлиги кунида бўлаётгани ҳам бежиз эмас, албатта, — деди Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов.
Тадбир доирасида махсус учрашувлар ва маҳорат дарслари, «Янги Замон» ахборот-таҳлилий дастури янги павильонининг очилиш маросими, “Янги Ўзбекистон — янги медиа. Муваффақият сири" мавзусида мамлакатнинг таниқли журналистлари ва медиа-экспертлари иштирокида очиқ мулоқот, телебошловчи ва документалист Валдис Пельшнинг телебошловчилар гуруҳи учун мўлжалланган тренинг, “Шум бола-2021” халқаро кинофестиваллари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
- Янги Ўзбекистондаги ҳаётимиз жадал равишда ривожланмоқда ва атрофдаги барча нарсалар, шу жумладан, медиа маконнинг трансформациясини талаб қилмоқда. Одамлар ижтимоий тармоқлар, телевидениега кўпроқ қизиқяпти ва шу сабабдан медиа, истеъмолчиларнинг талабларига қараб ишлаши керак. Бу борада айниқса, ёшлар талабига жавоб бера оладиган контентни ярата билиш муҳим. Бу ҳафталикдан асосий мақсад ҳам ёшлар ичидан энг сараларини танлаб олиш, ўқитиш ва мукаммал журналист сифатида шаклланишига хизмат қилишдан иборат, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – матбуот котиби Шерзод Асадов.
Ҳафталик давомида ёш журналистлар учун халқаро мутахассислар ва экспертлар иштирокида ижодий учрашув ва маҳорат дарслари, маданий-кўнгилочар дастурлар ҳамда кино премъералари ўтказилиши режалаштирилган.
Медиа-ҳафталик тадбирлари 7 майгача давом этади.
[gallery-2266]
Файзулло Яҳёев, ЎзА