АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4366-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, очиқлик ва самарали ахборот сиёсатини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ана шу мақсадда 2021 йил 30 апрель куни оммавий ахборот воситалари вакиллари учун навбатдаги Пресс тур ташкил этилди.
Унда республика миқёсидаги марказий нашрлар, теле ва радиоканаллар ҳамда интернет нашрлари ходимлари иштирок этди.
Журналистлар яқинда фаолият бошлаган банкнинг “Contact” маркази ҳамда Инновацион ўқув маркази фаолияти билан бевосита таништирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мамлакатимизда бир қатор банклар трансормация қилиниши кўзда тутилган. Жумладан, Акционерлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” ҳам бу борада қатор муҳим вазифаларни бажаришга киришди.
Шу мақсадда фаолиятнинг барча йўналишларида янгича ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилиб, мижозлар учун замонавий ва барча қулайликларга эга масофавий банк хизматлари кўрсатиш кўлами тизимли равишда кенгайиб бормоқда.
Бу ўринда, олдинга қўйилган вазифаларни тўкис адо этадиган мутахассислар малакаси муҳим аҳамиятга эга. Чунончи ходимларни янги, замонавий ва энг илғор ёндашув асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимдаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлайди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Банк Бошқарувининг 2020 йил 29 январдаги қарори асосида банк “Инновацион ўқув маркази” янгидан ташкил этилди.
Бугунги кунда марказ томонидан малака ошириш курслари Вебинар, Мустақил “Moodle” тизими орқали ҳамда анъанавий шаклларда ўтказиб келинмоқда. Хусусан, биргина апрель ойининг ўзида 56 та мавзуда шундай шаклдаги машғулотлар ўтказилди. Уларда жами 1094 та ходим иштирок этди.
Ўз навбатида инновацион ўқув телеграм канали орқали ходимлар учун 38 та, мижозларни ўқитиш йўналишида 33 та мавзу жойлаштирилди.
Ушбу материаллар 1338 нафар ходим ва 5387 та мижоз томонидан фойдаланилган.
7-12 апрель кунлари “Қишлоқ қурилиш банк” тизимда “Ислом дарчаси”ни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда амалиётга жорий этилиши назарда тутилган ислом молия маҳсулотлари” мавзусида вебинар ташкил этилди.
Унда жами 92 нафар ходим қатнашди. Шунингдек, ой давомида Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларда қонунийликка риоя этиш ва банклар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” мижозларига хизмат кўрсатиш стандартларининг мазмун-моҳияти ва талаблари тўғрисида ҳамда “Ташқи савдо ва ички валюта бозоридаги операциялар тўғрисида”ги мавзуларда вебинарлар ўтказилди.
Ушбу мавзулар бўйича 687 нафар ходим замонавий билимларга эга бўлди.
Ўз навбатида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ҳам машғулотлар ташкил этилмоқда. Апрель ойи давомида 3 та ана шундай форматдаги вебинарлар ташкил этилиб, уларда банкнинг 24 нафар ходими иштирок этди.
Ходимлар малакасини оширишда пандемия талабларидан келиб чиқиб, Мустақил “Moodle” тизими ишга туширилган. Тизимга бугунги кунга қадар Банк фаолиятига бевосита тегишли 29 та, 15 та маънавий-маърифий ва ижтимоий мавзулар, шунингдек 4 та чет тили ва IТ ўқув курсларига тегишли мавзулар жойлаштирилди.
Инновацион ўқув марказ 2 бўлим: Ўқув услубий ҳамда Ўқиш жараёнини техник қўллаб-қуватлаш рақамли лаборатория бўлимидан таркиб топган.
Ўқув услубий бўлимнинг асосий вазифалари:
- Банк ходимларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;
- Ўқув дастурлари сифати ва самарадорлигини баҳолаб бориш;
- Ўқув жараёнига коучер усулини киритиш;
- Банк мижозларининг молиявий саводхонлигини ошириш дастурларини мониторинг қилиб боришдан иборат.
Ўқиш жараёнини техник қўллаб-қуватлаш рақамли лаборатория бўлими эса:
- Ўқув жараёнларини рақамли технологиялар асосида ривожлантириш.
- Масофавий таълим хизматларини ривожлантириш.
- Вебинар, онлайн, “Blended learning”, “Flipped classroom”, “Spin-off” технологияларини амалга кенг жорий қилиш.
- Ходимларни илғор хорижий тажриба (Moodle дастури) асосида ўқитиш тизимини йўлга қўйиш билан шуғулланади.
Умуман олганда, ўқув маркази банк мутахассисларининг замонавий билим ва кўникмаларни тезкорлик билан ўзлаштиришлари учун зарур бўлган барча шароитларга эга.
Яқинда ташкил этилган “Contact” марказининг асосий вазифалари:
- Овозли ва электрон алоқа каналлари орқали мижозлардан тушадиган мурожаатларни қабул қилиш, ўрганиш, белгиланган тартибда ижро этиш;
- Банк маҳсулотлари ва хизматлари тўғрисида маълумот тақдим этиш;
- Овозли ва электрон алоқа каналлари орқали юқори сифатли ва ишончли маълумот тақдим этиш билан потенциал мижозларни жалб қилиш, уларнинг Банк хизматларига бўлган қизиқишини шакллантириш;
- Банк маҳсулотларини бевосита тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни ўтказиш.
Шунингдек, марказ мижозларнинг қўнғироқлари, электрон мурожаатлари бўйича статистик ҳисоботларни юритиб, Банкнинг потенциал мижозлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, банк маҳсулотлари ва хизматларининг фаол сотувини амалга ошириш, телекоммуникациялар (телемаркетинг)дан фойдаланган ҳолда потенциал мижозларни жалб қилиш каби функцияларни ҳам бажаради.
Унинг ишга туширилиши АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни талаблари, ва албатта мижозлар хоҳиш ва истакларига тўла мос келиши билан аҳамиятлидир.
Реклама ҳуқуқи асосида
ЎзА