Туркия полицияси “Ислом давлати” жангари гуруҳининг раҳбари, бундан икки йил аввал ўлдирилган Абу Бакр ал Бағдодий атрофидаги муҳим шахслардан бирини ҳибсга олганини маълум қилди, дейилади Yeni Safak газетасининг якшанба кунги сонида.
Бундан аввал Туркия бош прокуратураси ал-Бағдодийнинг 25 нафар қариндоши ҳибсга олингани ҳақда хабар берган эди.
Террорчини қўлга олиш амалиёти Туркия полицияси билан мамлакат Миллий разведка ташкилоти ҳамкорлигида Истанбул шаҳрининг Оташаҳар туманида амалга оширилган. Террорчи узоқ олиб борилган кузатувлардан кейин уйидан чиқаётганда қўлга олинган.
Террорчи Туркия ҳудудига бундан уч йил бурун қалбаки ҳужжат билан кириб келгани айтилмоқда. Интерпол рўйхатида турган террорчи “Ислом давлати” жангари гуруҳининг ҳарбий инфратузилмасига масъул бўлган ва 2014 йиллардан буён Суриядаги бир қанча терактларга алоқадор ҳисобланади.