Миллий матбуот марказида бугун, 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган ҳамда жорий ҳафта кутилаётган расмий тадбирлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берди.
Аввал хабар қилинганидек, давлатимиз раҳбари 30 апрель куни ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Шунингдек, ўша куни ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Жума куни мамлакатимиздаги инсонпарварлик сиёсатининг намунаси, муборак Рамазон ойидаги хайрли ишларнинг давоми сифатида «Меҳр-5» операцияси амалга оширилиб, юртимизга Яқин Шарқдан 93 аёл ва уларнинг болалари олиб келинди. Шу тариқа, шу пайтгача ўтказилган 5 та операция натижасида 435 нафар ватандошимиз Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли тўқнашувлар ўчоқларидан қайтарилди.
– Кимдир билади, кимдир билмас, лекин бу жуда машаққатли, қалтис жараён. Бунинг замирида Президентимизнинг қатъияти, дипломатик ваколатхоналар, хавфсизлик тузилмалари, тиббиёт ходимларининг фидойилиги ва юксак профессионаллиги турибди. Қайтарилган юртдошларимизни реабилитация қилиш, тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш, моддий кўмаклашиш бўйича ҳам катта ишлар қилинмоқда, – деди Шерзод Асадов.
Брифингда Президент иштирокида шанба куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 104 гектарлик боғ барпо этишга киришилгани, унга “Янги Ўзбекистон” боғи деб ном берилгани ҳақида ҳам қайд этилди.
Тадбирда жорий ҳафта кутилаётган муҳим тадбирларнинг қисқача анонси журналистларга етказилди. Таъкидланишича, бу ҳафта коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича видеоселектор ўтказилиши режалаштирилган.
– Видеоселекторда давлат органлари, ҳокимларнинг ҳисоботлари эшитилади. Охирги вақтларда кузатилаётган воқеаларни, фош бўлаётган коррупцион ҳолатларни эшитяпсизлар. Бу ҳақда аввалги селекторларда ҳам айтилди. Президентимиз “Андиша қилиш даври тугади. Ҳамма бирдек – қонун устувор, жазо муқаррар”, деди. Бу масала доимий назоратда ва яқин орада алоҳида селектор ташкил этилаётгани коррупцияга қарши курашиш муросасиз тус олаётганини билдиради, – деди Президент матбуот котиби.
Шунингдек, ҳафта давомида чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, Токио Олимпиадасига спортчиларимизни тайёрлаш масалалари бўйича йиғилишлар бўлиши кутилмоқда. Қишлоқ хўжалиги техникаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича тақдимотлар ҳам мўлжалланган.