Миллий матбуот марказида бугун, 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган ҳамда жорий ҳафта кутилаётган расмий тадбирлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берди.
Шерзод Асадов дастлаб юртимиздаги барча матбуот ходимларини бугунги байрам – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни билан табриклади.
– Сўнгги йилларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ҳақиқатан эркин ишлай бошлади, жойлардаги ўткир-ўткир муаммоларни, коррупция ҳолатларини кўтариб чиқяпти. Бу, албатта, Президентимизнинг сиёсий иродаси, сўз эркинлиги йўлидаги қатъияти туфайли. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу соҳадаги ислоҳотлар ортга қайтмайди. Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, сўз эркинлиги, умуман, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ишларимиз изчил давом эттирилади, – деди у.
Тадбирда байрамга табрик сифатида Президент матбуот хизмати томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.
[gallery-2263]
Маълумки, ўтган ҳафта давлатимиз раҳбарининг иш жадвали ҳар галгидан-да тиғиз, бир-биридан муҳим воқеаларга бой бўлди.
Аввал хабар берилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш бўйича тақдимот билан танишди. 27 апрель куни эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари бўйича йиғилиш ўтказилди. 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари шу куни Туркманистонга бориб, Президент Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Туркманистон раҳбарининг отаси Маликгули Бердимуҳамедов хотирасига бағишланган ифторликда иштирок этди.
Ўтган ҳафтада Тожикистон билан Қирғизистон чегарасида вазият кескинлашган эди. Президентимиз яқин қўшни ва қардош сифатида 30 апрель – 1 май кунлари Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари билан доимий мулоқотда бўлиб, барча баҳсли масалаларни дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик руҳида, конструктив ва ишончга асосланган мулоқот орқали биргаликда ҳал қилишга чақирди.
– Президентимиз фаолиятининг биринчи кунларидан минтақамизда тинчлик, яхши қўшничилик муҳитини яратиш бўйича катта ишлар қилиб келмоқда. Вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик бўйича олиб борилган музокаралар натижасида кескинлик тезда барҳам топиб, вазият изга тушганини Ўзбекистон олқишлайди, – деди Шерзод Асадов.