Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти лавозимига сайланди.
Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов дам олиш кунлари ўтказилган Ижроия қўмита аъзолари йиғилишида катта фарқдаги овоз билан Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти лавозимига сайланган.
Сакен Полатов 2019 йилнинг апрель ойида Бангкокда ўтказилган ASBC Бош ассамблеяси давомида ижроия қўмита аъзолигига сайланганди.
2020 йилнинг декабрь ойидан бошлаб Осиёда боксни ривожлантириш жамғармаси раҳбари этиб тайинланган. Ушбу фонд Осиёда боксни ривожлантириш, келажакда узоқ муддатли муваффақиятларга эришиш мақсадида ASBC президенти Анас Алотаиба томонидан таъсис этилган.