Ватанимиз тарихидаги 3 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1391 йил (бундан 630 йил олдин) – тарихчи Ғиёсиддин Хондамирнинг ёзишича, Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонга қарши юриши давомида Амир Темур қўшинида қаҳатчилик ва қимматчилик юз бергани сабабли Соҳибқирон гўшт ва ейишга арзийдиган нарсаларни топиш учун жумодилохир ойининг биринчи душанба куни (милодий 1391 йил 3 май)ни ов қилиш куни деб белгилади. Шу куни баронғор ва жавонғор амирлари ҳайвонларни ўраб тутишга чиқдилар ва жуда кўп жониворларни ўртага ҳайдаб келдилар.
Бу воқеани Хондамир қуйидагича ёзади: “Амир Темур Гурагон ва шаҳзодалар ўқ отишдан ва ов қилишдан фориғ бўлдилар, қаҳатчилик бўлишига қарамай, лашкарлар семиз жониворларни тутиб олар, ориқларини эса қўйиб юборар эдилар. Бу шикоргоҳда оҳунинг бир турини кўриб қолдилар, у қўтосдан каттароқ эди, унга ўхшашини ҳеч кўрмаган эдилар. Мўғуллар уни кунғадай дер эдилар, дашт одамлари эса уни белан дердилар. Алқисса, сипоҳларнинг қуввати бир муддат ов гўштидан кўнгилдагидек бўлди”.
1582 йил (бундан 439 йил олдин) – Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II Соҳибқирондан ўрнак олиб, Амир Темур бундан қарийб 200 йил олдин қурдирган минора қаршисида Улуғтоғ сафаридан ёдгорлик сифатида масжид қурдирди. Бу ҳақда тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорий шундай ёзади: “Ўша куни (1582 йил 3 май) намози пешингача тўхтаб лашкарга буюрдики, “Кўп тош тўпласинлар”. Буйруқни бажариб тўпланган тошдан олийшаън у маконда бир масжид бино қилдилар. Шу билан рўзғор саҳифаларида у баландқадр шоҳдан бир ёдгорлик қолдирдилар. Шундай ишни фирдавсмакон, дину дунё қутби шаҳриёр Амир Темур Кўрагон... ҳам қилган эди”.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Қозоғистондаги Жезқазғандан 50 километр ғарбдаги Қарсақпай кони яқинида Қорамўла тоғи ён бағрида ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ёзувлик тош топилган эди. 1391 йилда Амир Темур Тўхтамишхонга қарши юриши чоғида Улуғтогга етиб келиб, бир кун ичида унинг тепасига туғ ўрнатиб, қароргоҳ қурдирган ва қўшинга атрофдан тош тўплаб келтиришни ва минорасимон иншоот қуришни буюрган.
Тоштарошлар харсанг тошга 2 тилда – араб ва қадимги уйғур тилида битик ёзганлар. Битик 11 сатрдан иборат бўлиб, 8 сатри қадимги уйғур ва 3 сатри (“Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”) араб ҳарфидадир. Битиктошда 793 (1391) қўй йили ёз фаслининг ўртасида (Низомиддин Шомийнинг ёзишича, 28 апрелда) Турон султони Темурбек 200 минг кишилик ўрдуси билан Тўхтамишхонга қарши сафарга чиққанлиги ва нишон сифатида шу қўрғонни бунёд эттиргани ёзилган. Абдуллахон II Амир Темурдан ўрнак олиб бу ерда масжид қурдирди.
1868 йил (бундан 153 йил олдин) – тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг ёзишича, Бухоро амири Музаффар бир вақтлар Амир Темурнинг пойтахти бўлган Самарқанд шаҳрининг рус аскарлари томонидан босиб олинганидан хабар топгач, қаҳру алами шу даражада авжига чиқиб, хабарчини дарҳол дорга осишни буюрди. У: “Самарқанд қўлдан кетгандан кўра, худо жонимни олса яхшироқ бўларди”, деб ҳўнграб йиғлаб юборган.
1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Мусулмон халқ дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) раҳбариятига сайлов бўлиб ўтди. Унда Мунавварқори раис (ректор), Исо Тўхтабоев ректорнинг биринчи, Бурҳон Ҳабиб иккинчи ўринбосарлари, Абдусамиқори Зиёбоев хазинадор, Мухтор Бакир саркотиб этиб сайланди.
1920 йил (бундан 101 йил олдин) – Фарғона водийсидаги бутун қўрбошилар ва тинч аҳоли вакиллари Олтиариқ туманидаги Ғойибота (Ғарибота) қишлоғида ўзларининг навбатдаги қурултойларига тўпландилар. Тарихчи Қаҳрамон Ражабовнинг қайд этишича, қурултойда Шермуҳаммадбек бошчилигида Туркистон Муваққат ҳукумати тузилди. Шермуҳаммадбек ҳукумат раиси бўлиши билан бир қаторда водийдаги бутун истиқлолчилар қўшинининг Олий бош қўмондони қилиб ҳам сайланди.
1921 йил (бундан 100 йил олдин) – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мирмуҳсин Мирсаидов таваллуд топди. Биринчи ўзбек шеърий романи “Зиёд ва Адиба” (1954) Мирмуҳсин қаламига мансуб. Унинг шеър ва достонлари образ, тасвирий воситалари ҳамда тили жиҳатидан содда ва равонлиги, ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Мирмуҳсин 1998 филда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
2002 йил (бундан 19 йил олдин) – халқимизнинг бой тарихи, қадимий ёдгорликлари ҳамда маданий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва хорижий элларда тарғиб қилишдаги катта хизматлари, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий алоқаларни ривожлантиришга қўшган самарали ҳиссаси учун археолог олим ва жамоат арбоби Кюдзо Като “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
2007 йил (бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади