9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мирмуҳсиннинг “Бувамни соғиниб” ҳикоясини қайта-қайта ўқийман. Негадир, шу ҳикояни ўқисам таскин оламан. Ҳикоядан бир парчани сизларга ҳам илингим келди...
“Буванинг таърифича, “қуш учса, қаноти одам юрса, оёғи куядиган” қадимий Мирзачўлда ҳозир қанчалар обод қишлоқлар пайдо бўлди. Шу гўзал қишлоқлардан бирида Хондамир деган бола яшайди. Унинг икки тепа тиши тушиб, гапирганда кулгилироқ кўрингани билан асли ўзи жуда яхши бола. Ёзда доимо майкада юради, агар майкасини ечиб қўйса, баданидаги оқариб турган изи ҳам майкадек кўринади.
Хондамирнинг акалари, опалари ва яна кичкина чақалоқ укаси бор. У ҳаммаларини яхши кўради, аммо буважонини ҳаммаларидан ҳам аъло кўради. Сени ким туққан, деб сўраганларида бувам, деб жавоб беради. Унинг учун дунёда шу буважонидан азиз ҳеч кимса йўқ”...
Дарҳақиқат, Мирмуҳсин бувам мен учун ҳам меҳрибон ва азиз эдилар. Қайсидир маънода, ҳикоядаги қаҳрамон руҳий ҳолатида ўзимни кўргандай бўламан. Бувам қаламидан яралган тасвирлар бугун мен учун ҳам таскин беради, ҳам ундан мағрурлик туяман...
Яхшилар, улуғ инсонларни хотирлаш савобли иш. Жорий йилнинг 20 апрель куни Президентимизнинг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ҳам она Ватанимиз бахту камоли йўлида хизмат қилган ва ўз жонини фидо қилган инсонларни хотирлашда яна бир қутлуғ қадам бўлди.
Шу сабабли, мен ҳам ана шундай инсонлар қаторида бувам ҳақида илиқ хотираларимни ёзишни дилимга тугдим. Ўйлайманки, бу ёзганларим халқимиз, ёшлар ва ижод аҳлига Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мирмуҳсин ҳаёти ва ижоди билан яна бир бор қайта танишиш ва улар ёзиб қолдирган асарларни мутоала қилишга туртки бўлади. Негаки, китоб ўқиш кўнгилни чароғон қилиб, қалбларга эзгулик уруғини экади.
Бувамни хотирлашга яна бир сабаб: ҳар йили оиламиз билан 3 май кунида уларнинг таваллуд топган кунини нишонлаганмиз. Бувам ҳаёт бўлганларида 100 ёшни қаршилаган бўлар эди... Минг афсуски, ўлим ҳақ!
Очиғи, мен шундай таниқли адибнинг невараси бўлганимдан бахтлиман. Бу бахтиёрлик эса менга катта масъулият ҳам юклайди. Мирмуҳсин (Мирсаидов) - ўзбек шеърияти ва насрининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, баракали ижодкор бўлиб, 1921 йил 3 майда Тошкентнинг Қўрғонтепа маҳалласида кулол оиласида дунёга келган.
3 май санаси оиламизга икки баробар қувончли кун бўлади, чунки шу куни синглимнинг ҳам таваллуд куни. Синглимга бувам Хурсаной, деб исм қўйган эдилар. Бу ҳам бежиз эмас, шу куни бувамни табриклаш учун дўстлари Шароф Рашидов ва рафиқалари Хурсаной ая телефон орқали қўнғироқ қилган эди. Бувамни қувончлари ичларига сиғмай, набирали бўлганларини айтиб, сизга ўхшаб юрсин, чақалоқнинг исмини Хурсаной, деб атаймиз деганлар. Шу самимий ниятлар билан синглим ҳозир 40 ёшда илм йўлида хизмат қилиб, доцент унвонига муяссар бўлди.
Бувам билан бўлган даврларни ҳеч эсимдан чиқаролмайман. Уларнинг меҳрига тўймасдим. Суҳбатлари эса пурмаъно эди. Айниқса, тарихий мавзуларни жуда кизғин сўзлаб берар эдилар. Бувам ҳар доим суҳбат якунида инсонларни ростгўйликка, ватанпарварликка ва меҳнатсеварликка чақирар эдилар. Ёшлигимда бир неча бор Дўрмон боғида бувам билан адиблар доирасидаги ўтиришларда қатнашиш насиб бўлган. Бувамни энг яқин дўстлари Саид Аҳмад билан муносабатлари ўзгача эди, бир-бирларига ҳурматлари жуда баландлигидан суҳбатларда "азизим", деб мурожаат қилишарди, орада бир-бирларига аския ҳам қилишарди.
Бувамни хотирлар эканман, уларнинг ҳаёт ва ижод йўллари янада мазмунли бўлганини ҳавас билан таъкидлагим келади. Улар мактабни битириб, 1933 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтига ўқишга кирган. Ўкишни тугатиб (1941), мактаб-маориф ишларида, республикадаги етакчи газета ва журналларда, радиода масъул вазифаларда хизмат қилди. Хусусан, «Шарқ юлдузи» журналида йигирма йил, «Муштум» журналида эса қарийб ўн йил бош муҳаррир бўлиб ишлади.
Бувамнинг ижодлари 30-йиллардан бошланган бўлиб, дастлаб «Шералининг мардлиги», «Овчи болалар» (1936) каби шеър ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. Уларнинг 1939 йилда яратилган «Камар» номли достонлари кейинчалик йирик эпик жанрга ўтишида кўприк ролини ўйнаган.
Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда бувам ижодлари тобора кўпқиррали ва серунум бўлган. Улар уруш йилларида ўзбек халқининг меҳнат ва жанг майдонларидаги қаҳрамонлигини тасвирловчи шеърлар яратди. Уларнинг «Эр юрак» (1942), «Ватан» (1942) тўпламлари бу жиҳатдан характерлидир.
Бувам достоннавис сифатида ҳам танилди. Уларнинг «Уста Ғиёс», «Дўнан» (1947), «Яшил қишлоқ», «Қадрдонлар» (1954), «Широқ» ва «Невара» каби бир қатор достонлари чоп этилди. Бу достонларда замондошлар образи яратилиб, уларга ҳос меҳнатсеварлик, ватанпарварлик за маънавий бутунлик каби фазилатлар улуғланди. Достон жанрида катта тажриба орттириб, 1958 йилда «Зиёд ва Адиба» шеърий романини яратдилар.
Худди шу даврдан бошлаб бувам насрий жанрларга ҳам мойиллик билдиради. Уларнинг «Дорбозлар» (1956), «Жамила» (1957), «Ҳикоялар» (1959), «Қизил дурралар» (1961), «Созанда» (1963) каби насрий китоблари нашр этилди. Уларнинг бирин-кетин яратилган «Оқ мармар» (1958), «Чўри» (1959), «Тунги чақмоқлар» каби қиссалари эса бувамни етук шоиргина эмас, моҳир носир ҳам эканлигини кўрсатди. Айниқса, уларнинг араб дунёсига бағишланган туркум ҳикоя ва қиссалари насрий истеъдодлари катта имкониятга эга эканлигидан дарак берди. Кейинчалик халқаро мавзуда «Чодрали” қиссасини ҳам яратди.
Бувам моҳир романнавис сифатида ҳам баракали ижод қилди. Уларнинг тарихий мавзуда яратилган «Меъмор» (1974), «Темур Малик» (1985), «Турон маликаси» (1997) каби ажойиб эпик полотнолари адабий жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган. Шунингдек, бувам замонавий мавзуларда ҳам қатор романлар яратди. Уларнинг «Умид» (1969), «Чиниқиш» (1970), «Дегрез ўғли» (1972), «Чотқол йўлбарси», «Илдизлар ва япроқлар», «Илон ўчи» (1995) сингари романлари замон ва замондошлар ҳаётидан ҳикоя қилади. Айниқса, бувамнинг «Умид» романи ўз даврида қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Унда ёшлар тақдири, бахти ва фожеаси ўзининг аниқ ифодасини топган.
Бувам шоир, достоннавис, ҳикоянавис, қиссанавис, романнавис, болалар шоири, журналист, адиб сифатида уч юздан ортиқ асарлар муаллифидир. Уларнинг қаламларига мансуб асарларнинг кўплари рус, украин, қозоқ, инглиз, қирғиз, араб ва бошқа тилларда нашр этилган.
Мирмуҳсин бувамнинг бой ва серқирра ижоди давлатимиз, ҳукуматимиз ва эл-юрт томонидан юксак қадрланган. Улар 1974 йилда «Умид» романи учун Ҳамза номидаги Республика давлат мукофотига сазовор бўлган. Айни чоғда улар Республика халқ маорифи аълочиси, Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1981) ҳамдир. 1998 йил «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган. Мирмуҳсин бувам 2005 йил Тошкент шаҳрида бандаликни бажо келтирган. Илоҳим, охиратлари обод бўлсин!
Абдували ЖАЛИЛОВ.
ЎзА.