Мамлакатимизда ўсимлик мойи нархини барқарорлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Маҳаллий шароитда хомашё етиштириш масаласини ижобий ҳал этиш ушбу муаммонинг ечими сифатида қаралмоқда.
Жорий йилда 400 минг гектардан зиёд майдонга мойли экинлар экилади. Натижада фермер хўжаликлари томонидан 500 минг тоннадан ортиқ хомашё етиштирилади. Ушбу хомашёни қайта ишлаш ҳисобига қўшимча равишда 141 минг тонна кунгабоқар, соя, масхар, зиғир ва рапс мойлари ишлаб чиқарилади ва ички бозорга етказиб берилади.
Ҳозирги кунда қисқа муддат ичида прогноздаги 236 минг 330 гектар асосий майдонга кунгабоқар, соя, рапс, кунжут экиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилмоқда. Айни пайтга қадар республика бўйича 118 минг 753 гектар майдонга мойли экинлар уруғи қадалди. Бу борада белгиланган прогноз кўрсаткичи 50,2 фоизга бажарилди.
– Мойли экинлар етиштириш ишларини бошлаганимизга ҳам бир неча йил бўлди, — дейди “Ўзёғмойсаноат“ уюшмаси хомашё базасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Сардор Якубов. – Аммо ўтган йиллар давомида мойли экинлар етиштирилган майдонларнинг ҳажми 100 минг гектарга ҳам етмаган эди. Бу йил эса 20 апрель ҳолатига кўра, қарийб 120 минг гектар асосий майдонга мойли экинлар уруғи экилди. Шу кунгача фермер хўжаликлари томонидан қарийб 85 минг гектар майдонга соя, 20 минг гектар майдонга кунгабоқар, 14 минг гектар майдонга кунжут ва 95 гектар майдонга рапс уруғлари қадалди. Ҳосил етилгач, ёғ таъминотида муаммо бўлмайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларининг ҳар бири 25 минг гектардан иборат ғўза қатор ораларига соя экилмоқда. Бугунга келиб ушбу вилоятлар бўйича 74 минг гектардан зиёдроқ майдондаги ғўза қатор ораларига соя уруғи экилди.
Жорий йилда қашқадарёлик миришкорлар ғўза қатор орасида кунжут етиштиришга бел боғлаган. Вилоятда шу кунгача 8 минг 576 гектар майдонга кунжут экилган бўлса, шунинг 8 минг 260 гектарини ғўза қатор орасида экилган кунжут майдони ташкил этади.
Айни кунларда мойли экинлар уруғини экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Далаларга 450-500 экиш сеялкалари олиб чиқилмоқда ва уларнинг ёрдамида бир кунда ўртача 7,5-8 минг гектар ерга мойли экинлар уруғи қадалмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, дастлабки ҳосилни йиғиштириб олиш ишларига июль ойининг бошларида киришилади ва янги ҳосилни қайта ишлаш йўлга қўйилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА