Бугун бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири ўртасидаги онлайн-саммит икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларини атрофлича қамраб олгани билан чуқур аҳамият касб этади.
Унда кўтарилган муҳим масалалар қатори таълим ва фан йўналишларига ҳам устувор аҳамият қаратилгани илмий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Чунки тарихи, урф-одат ва маданияти ўзаро уйғун бўлган халқларимиз мазкур йўналишда ҳамкорлик борасида ниҳоятда катта салоҳият ва имкониятларга эгадир.
Аввало, таъкидлаш керакки, таълим соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида 1992 йил 27 июнда имзоланган “Маданият, соғлиқни сақлаш, фан, техника, кадрлар тайёрлаш, туризм, спорт ва оммавий ахборот соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги Битим доирасида амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бирга, томонларнинг ўнга яқин олий ўқув юртлари ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги қатор меморандум ва битимлар имзоланган.
Маълумки, Тошкент давлат шарқшунослик университети нафақат республикамизда, балки Марказий Осиё ва бутун МДҲ давлатлари орасида урдушунос мутахассислар тайёрлайдиган асосий олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
Жанубий ва Жанубий Осиё тиллари кафедраси 1947 йилда ташкил топган бўлиб, унда малакали профессор-ўқитувчилар томонидан урду тили, урду адабиёти, шунингдек, урду тили лексикологияси, назарий грамматикаси ҳамда тарихи каби махсус курслар ўқитиб келинмоқда. Бу ерда 2009 йилдан бери “Покистон маркази” фаолият юритиб келаётгани таҳсинга сазовордир.
Ўзбек олимлари – Т. Холмирзаевнинг “Урду тили хрестоматияси”, А. Иброҳимовнинг “Урду-ўзбек муштарак сўзлар луғати” ва “Урду тили лексикографияси” каби қўлланма ва дарсликлари кенг ўқитиб келинмоқда. Филология фанлари доктори Ансориддин Иброҳимовнинг мазкур луғатида 3 мингдан зиёд икки халққа мансуб умумий сўз ва бирикмалар киритилгани ҳам элу юртларимиз тил, маданий ва маънавий жиҳатдан қанчалик яқин эканлигини яна бир бор кўрсатади.
Сўнгги йилларда покистонлик талабаларнинг республикамиз олий таълим масканларига қизиқиши ортиб бораётгани эътиборга молик. Бу Ўзбекистоннинг таълим соҳасида ўзига хос минтақавий хабга айлантириш стратегиясининг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётганини ҳам тасдиқлайди.
Жумладан, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент Халқаро Вестминстер Университети, Андижон давлат тиббиёт институти, Наманган муҳандислик-технология институти, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Бухоро давлат тиббиёт институтларида юзлаб покистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мазкур ойда Покистон дипломатик хизмат Академияси билан яқин алоқалар ўрнатди.
Ўз навбатида таъкидланганидек, жорий йил февралда Панжоб университети ҳузурида Бобур таваллудининг 538 йиллигига бағишлаб, “Бобур мероси маркази” ҳамда Пешавор университетида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий маркази” ташкил этилгани Покистон жамоатчилигини ўзбек миллий адабиёти ва буюк аждодларимиз мероси билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.
Албатта келгусида, урдушунослик, манбашунослик соҳаларида икки давлат олийгоҳлари ўртасида алоқаларни кучайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг қисқа муддатли малака ошириш курсларида иштирок этиши катта самара бериши шубҳасиз.
Гулноза Исмаилова,
юридик фанлари доктори,
ЖИДУ илм-фан ва инновациялар
бўйича проректори
ЎзА