Суғурта, деганда одатда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш каби суғурта тури кўз олдимизга келади.
Ваҳоланки, ихтиёрий суғурта турлари ҳам жуда кўп бўлиб, керакли вазиятда жонимизга оро киради. Зеро, суғурта қопламалари юзасидан амалга оширилган тўловлар ва тузилган шартномаларнинг каттагина қисми айнан ихтиёрий суғурта турига тўғри келади.
“Аввалини бергунча, охирини берсин”, дейди доно халқимиз. Деҳқончиликда ҳосил бир йили кўнгилдагидек, бўлса, келаси йили кутилган натижани бермаслиги мумкин. Бунинг сабаблари жуда кўп. Масалан, экинга касал тушиши, об-ҳавонинг ноқулай келиши ва ҳоказо. Меҳнатни қилиб, унинг мевасини кўрмаслик кишида иштиёқнинг сўнишига олиб келади. Бундай вазиятда қандайдир кафолатнинг бўлиши ишонч билан олдинга одимлаш учун ўзига хос рағбатдир. Бу кафолат нимада намоён бўлади? Албатта суғуртада.
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Элёр Юсупович” фермер хўжалиги фаолияти фикримизга далил бўла олади. 2020 йилда фермер хўжалигига тегишли 120 гектар майдоннинг 98 гектарида ғалла, 22 гектарида эса пахта етиштирилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, ғалладан кўзланган ҳосил олинмаган. “Ўзагросуғурта” АЖ хизматларидан фойдаланиб келган фермерга 2020 йил ғалла кам ҳосили бўйича зарари учун 96,5 миллион сўм товон тўлаб берилди.
Ғузор туманидаги яна бир фермер хўжалиги “Ашур бобо набираси Даврон”да ҳам шундай ҳолат.
— 2019 йилда яхши умидлар билан 80 гектар майдонга ғалла уруғини қадаган эдик. Аммо кўзланган натижага эриша олмадик. Яхшиямки, “Ўзагросуғурта” АЖ билан суғурта шартномасини тузиб қўйган эканмиз. Компания 2020 йил ғалла кам ҳосили бўйича зарар учун 83 миллон сўмдан ортиқ товон тўлаб берди. Бу кейинги фаолиятимизни давом эттиришда ўзига хос туртки бўлди, – дейди “Ашур бобо набираси Даврон” фермер хўжалиги раҳбари Шокир Мейлиев.
Шаҳрисабз тумани, 4-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Исломова Дилобар бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олади. Дилобарни ота-онаси “Ўзагросуғурта” АЖнинг Қашқадарёдаги бўлимига компания билан тузилган ихтиёрий шартнома асосида мурожаат қилади. Вазият тўлиқ ўрганиб чиқилганидан сўнг, қисқа вақт ичида бахтсиз ҳодиса натижасида олган тан жароҳати харажатлари қоплаб берилди.
Умуман, Қашқадарё вилояти буйича 2021 йил биринчи чорагида жами 61 та ҳолат буйича салкам 1 миллиард сўм суғурта товони тўлаб берилди. Шундан 7 та ҳолат мажбурий суғурта, 31 таси қишлоқ хўжалиги ва 23 таси бошқа суғурта турлари бўйича амалга оширилган.
“Ўзагросуғурта” АЖ
Ахборот хизмати