Ўзбекистон ва Покистон етакчилари ўртасидаги илк тарихий онлайн-cаммит илмий ва академик доираларда ҳам ниҳоятда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Жанубий Осиёдаги ушбу йирик давлат нафақат иқтисодий ва ҳарбий, балки интеллектуал ва инсоний ресурслари билан ҳам жаҳонда ўзининг муносиб ўрни ва нуфузига эгадир. Чунки 220 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган мамлакат бугун барча жабҳаларда жадал ривожланиш йўлини босиб ўтмоқда.
Шу боис илмий ва таълим соҳасидаги алоқалар икки томонлама муносабатларимизда муҳим йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистоннинг қатор олий ўқув юртларида, айниқса тиббиёт соҳасида юзлаб покистонлик ёшларнинг таҳсил олаётгани бу фикримизни яққол исботлайди.
Қолаверса, бу йўналишдаги фаоллашув Ўзбекистоннинг ташқи дунёга очиқлик сиёсати кечаётган охирги тўрт йилда кузатилаётгани ҳам диққатга сазовордир.
Ушбу ойда бизнинг университетимиз ҳам Покистон Ислом Республикаси Дипломатик фаолият Академияси билан алоқаларни ўрнатишга қаратилган навбатдаги муҳим қадамни ташлади.
Мазкур Академиянинг Бош директори, таниқли дипломат, фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик мартабасига эга Имрон Аҳмад Мирза билан ўтказилган онлайн музокаралар натижасида илмий ва таълим йўналишлари бўйича ўзаро манфаатли ва сермаҳсул алоқалар ўрнатишга келишиб олинди.
Таъкидлашим жоизки, ЖИДУ халқаро алоқалар соҳасида бугунга келиб етмишга яқин шартнома, ҳамкорлик меморандумлари ва протоколлар имзолаган.
Улар орасида Буюк Британиянинг Кент, Кембриж, Нортумбрия университетлари, АҚШдаги Небраска университети, Европадаги Шарқ тиллари ва цивилизациялари Француз Миллий Институти, Швециянинг Лунд университети, Испаниядаги Сан-Пабло, Кастилия-Ла Манча, Небриха университетлари, Венгрия Дипломатик Академияси, Словакия университети, Япониядаги Васеда, Хоккайдо, Нагоя, Цукуба каби таниқли университетлар, Корея Республикасининг Ханкук, Корея, Ажу, Сеул, Силла университетлари, Россиядаги Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Дипломатик Академия, Урал ва Новгород давлат иқтисодий университетлари, шу жумладан Миср, Малайзия, Индонезия, Ўман, Жазоир, Марокаш, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистондаги олий ўқув юртларини ва бошқа қатор ўқув масканлари ҳам бор.
Покистон Дипломатик хизмат академияси эса Покистон ташқи ишлар вазирлиги ўқув муассасаси ҳисобланиб, 1981 йилда ташкил этилган ва бу йил 40 йиллик тантаналарини кенг нишонламоқда.
Айтиш ўринлики, Покистон ташқи ишлар вазирлиги ҳукуматдаги энг муҳим вазирликлардан бири бўлиб, мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишга, бошқа давлатлар билан иқтисодий, маданий ва илмий алоқаларни кенгайтиришга масъулдир. Шу маънода Академия вазирликнинг “ўзига хос илмий юраги”, деса ҳам ҳеч муболаға бўлмайди.
Академия ўтган вақт давомида минглаб покистонлик дипломатларни тайёрлаган, ҳозирда ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ходимларнинг аксарияти уни тамомлаган. Бу ерда улар доимий тарзда ўз билим ва малакаларини ошириб келмоқдалар, олган амалий кўникмаларини назария билан уйғунлаштирмоқдалар.
Бу ерда хориждан келган дипломатлар учун 21 та махсус ўқув курслари ташкил этилган ва ҳозиргача 109 мамлакатдан келган мутахассислар бу ерда таҳсил олганлар.
Покистон ташқи сиёсат концепцияси, дипломатия тарихи ва назарияси, минтақавий ҳамкорлик механизмлари, халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқалар, мусулмон мамлакатлар ва жаҳоннинг қудратли куч марказлари билан муносабатлар тизими, ташқи сиёсатни шакллантиришдаги муҳим битим ва шартномалар Академияда салоҳиятли олимлар томонидан чуқур ва пухта ўргатилади.
Келгусида икки олий таълим масканларимиз ўртасида тегишли Битимнинг имзолаш орқали илмий соҳага оид тадқиқотларни биргаликда олиб бориш, олимлар ўртасида манфаатли алмашувларни ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар иштирокида долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича семинарлар, симпозиумлар ўтказиш, маъмурий ва илмий ходимлар малакасини ошириш, қўшма илмий ва методик ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Комилжон Каримов
ЖИДУ ректори