Узоқ-узоқлардан, кўнглимнинг ҳеч кимса назари тушмас манзилларидан им қоқади болалигим.

Ҳали хиёнат нелигин, риё нелигин билмаган, англамаган, тасаввур қилмаган пошшолигим. Кўнглимнинг осмонларида ёруғликни, садоқатни, эзгуликни эсон-омон асраётган манзилларим. Осмонда чойнакдай-чойнакдай юлдузлар жилва қилиб жимирлайди. Ортиқбайбича момом, кайвони энам айтган эртаклар, ривояту ҳикоятларни тинглаб кўзларим олдига полвонкелбат, норғул-норғул Алпомиш, Авазхон, Гўрўғли, Муродхонлар келаверади, уларнинг тоғларни титратган ҳайқириғи эшитилаверади, эшитилаверади. Туни билан тушларимда қанотли отлар қўшиқ айтади, гижинглаши Зуҳро юлдузини уйғотади.

Донишмандлардан бири: болалиги ғам-ғуссасиз, бахтли кечган одамлар яхшиликни ялов янглиғ тутадилар, дейдилар. Бошқаларнинг болалиги қандай кечганин билмайман, билолмайман. Аммо менинг Бадахшоннинг боғу роғларида, кенг қирлар этакларида, суви гупуриб оқадиган ариқлари бўйларида кечган болалигим чинданам бахтли, саодатли кечди. Эртагу ривоятларга жон кирита олувчи Ортиқбайбича, тўқсоба момом, кўп нарсаларни билгувчи, кўп китоблар ўқиғувчи, кўп илмларни уққувчи отам, гапларига ҳамиша мақолдан кўйлак кийдира олган, ўхшатишда, қиёслашда тенги йўқ кайвони, фозила энам орадан йиллар ўтиб менинг болалигим бахтли ўтган дейишимга сабабчи инсонлардир.

Моҳи Рамазон. Болалигим Рамазонлари.

–Қодимда рамазон ойида урушлар тўхтағанақан, – дейди Ортиқбайбича момом.

–Ҳеййи, эна, орозлағанлар ҳам жарашиб оғанақан, – қўшилади энам.

Мен бўлса сақичини мендан қизғанган дугоналаримни дарров кечира қоламан.

–Эртага Раънога, Хуморга, Саидага энам пиширган мулойим бўғирсоқлардан олиб бораман. Саққичгаям аразлайдими? Одамнар урушди тўхтатганакан, – ўйлайман уялибгина ҳеч кимга билдирмай.

–Кишиларга фақат яхшилик қилиш керак. Рамазон яхшиликка ўхшайди, – пичирлайди момом.

–Одамларга саховат назари билан қараш керак. Рамазон саховатга ўхшайди, – дейди қорачўғларида ақл чақнаган энам.

–Қийналганларга кўмак бериш керак, – дейди дона-дона қилиб отам.

Бундай кезлари кечагиданда яхшироқ бўлишга, кечагиданда саховатлироқ, оқибатлироқ бўлишга болалик идроким билан интиламан.

–Ота, ким менинг ёрдамимга муҳтож бўлиши мумкин? – дейман отамга энтикканча.

–Одамлар ҳар куни бир-бирининг ёрдамига муҳтож бўлади, қизим. Биронта ёши катта одамга кулиб салом берсанг буям ёрдам. Улғайганингда бунга риоя қилгин, болам, – дейди отам.

Энам Рўзаи рамазон бошланса янаям яшнаб кетарди. Ҳар куни тансиқ, бақувват овқатлар пиширар, анча вақтдан буён йиғиб қўйилган қоқ нонларни ўғирда янчар, унга озроқ шакар қўшиб талқон тайёрлар эди. Ҳар куни айни ифторлик олдидан биз чор-атрофга зир югурардик. Эркин акам Ботир бобо билан Бульдозер буваникига, Гулсора опам Алимардон бобом билан Пардахол момомга, Неъматилла акам Ортиқмомом билан Тасин момоникига, мен Сатторқул тоғам билан Мейлихол момога ифторлик элтардик.

– Болам, қариларнинг дуосини олиш керак. Улардинг дуосида гап кўп, – дейишарди.

Рамазон бошланди дегунча Бадахшон қишлоғининг ҳар куни “Оқ суяк”, “Чавандоз ва эгарчи” ўйнайдиган ўғил болалари тутумларини ўзгартирадилар. Бундай кунлари Алим тоғам, Абдурайим тоғам, Дўсиёр, Хўжаёр, Келдиёр амакиларим бошчилигида уйма-уй юриб рамазон айтишарди.

Ҳа, ҳа, ҳа...

Рўзанинг учи билан қўй сўйибсиз гўши қони?

Гўшини жеган бўсангиз уча билан тўши қони?

Уча билан тўшини чиғоринг ҳали-ҳали,

Жигиллар пичоқ осин туврағани.

Ё рамазон, майрам азон.

–Ҳа, жигитлари тушмагурлар, топган гапларининг мойлилиғини қоранг, – дейди энам кўзларида чўғ порлаб.

–Яхши гап, иссиқ тилак кимга жоқмайди, энаси, – дейди таъкидлаб отам.

Апил-тапил овқатланиб бўлган Бердиёр акам, Эркин акам отамнинг дуосидан кейин шошилиб қолишади. Ўша гуриллаган овоз чорлови томон чопиб кетишади. Кўп ўтмай қишлоқнинг нариги буржидан бошқа гуруҳнинг овози ичидан акаларимнинг товушини илғаб оламиз.

Сўм-сўм тилла, сўм тилла,

Сувга солса ботмасин.

Худой берган кенг давлат,

Тепкиласа кетмасин.

Қўшоғингиз бошига,

От чоптирса жетмасин.

Ё рамазон, майрам азон...

–Ҳа, илойим айтганнаринг кесин-да. Ниятларга паришталар овмин десин-да, – дейди энам шодланиб.

Рамазончи болалар ҳам энамнинг назди-да “худо юборган элчи” эди.

– Уйда борини аяма, болам. Эшикдан ният билан кирган одамни қуруқ жўнатма, – дерди энам ва рамазончиларнинг қўйни-қўнжини олма-анор, беҳи, мулойимгина буғдой нон, буғирсоқлар билан тўлдиради.

Рамазончилар бизникидан қўйни-қўнжи тўлиб-тўлиб чиқиб кетишади. Улар энамни олқишлаб яна қўшиқ айтишади.

Чеча, чеча, чечажон,

Товда қўйинг жайрасин,

Жоққанинг арча бўлсин,

Кийганинг парча бўлсин,

Ўчоқ тўла кул бўлсин,

Тевараги ул бўлсин,

Худой берган кенг давлат,

Тепкиласа кетмасин,

Ё рамазон, майрам азон...

Рамазончилар бир нечта гуруҳ бўлиб қишлоқ айланишар, гоҳо кетма-кет эшигимиз тагида айтимлар айтишарди. Бундай пайтлар энам ҳеч маҳал:

–Уф-ф, яна келишди, – демаган.

Кейинги гуруҳни ҳам шодумонлик билан кутиб олар, уларнинг ҳам қўйни-қўнжини егуликка тўлдирар, йигитларни дуо қилар эди.

–Болам, Рўзаям бир йилда бир келадиган меҳмон-да. Меҳмонди қандай иззат-ҳурмат қилсак рўзаниям ҳурматини жайига қўйиш керак, – дерди у.

Биз эса отам ва энамнинг айтганларини киприк қоқмай тинглар эдик. Аммо бу айтилган гаплар беиз, бесамар кетмади. Кўнглимизнинг туб-тубига нақшдек битилди. Рўза ойини худди улардек шодумонлик билан кутиб олишимиз шундан. Бу уларнинг сабоғи. Бу сабоқлар эса ҳамон ҳаёт йўлларимни маёқдек ёритиб келади. Болалигимни бахтли дейишимнинг асосларидан бири шу.

Гулжаҳон Мардонова,

журналист

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазон айтимлари