Бисмиллаҳир роҳманим роҳийм!
15 апрель – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари таваллуд топган кун. У кишининг муборак номлари берилган масжиднинг очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганларидек, Шайх Ҳазратлари умрларини халқимизга диний маърифат тарқатишга сарфлаган улкан уламо эдилар.
Ҳазратдан ислом оламига улкан илмий-маънавий хазина мерос бўлиб қолди. У кишининг диний қарашлари ҳақида жуда кўп ёзилган, ёзилмоқда ва иншоаллоҳ, ҳали ёзилажак!
Лекин буюк алломанинг иқтисодий тафаккурлари ҳам айнан шундай юксак даражада бўлганлиги кўпчиликка, балки, маълум эмасдир.
Хуллас, 2012 йили хорижга даволанишга кетаётиб, Ҳазратнинг дуоларини олиш ниятида олдиндан изн олиб, у киши билан учрашдим.
“Кўкча кошонаси” номли чойхонанинг алоҳида хонасида 20 киши иштирокидаги йиғинда Шайх Ҳазратлари яқинда хизмат билан Москвада бўлганликлари, унда "Apple" компанияси вакили барча ёзилган ва келгусида ёзилажак асарларини интернет китоб бозорида сотиш ҳуқуқини уларга бериш эвазига хоҳлаган суммани қўйиб, шартнома тузишни таклиф этибди. Китоб ёзишдан мақсадим фойда олиш эмас, диний маърифат тарқатиш, деб Шайх таклифни рад этибдилар.
Суҳбат ичида у кишига фақат диний эмас, иқтисодий мавзуларда ҳам саволлар берилди.
Жавобларидан Ҳазратнинг иқтисодий тафаккурлари ҳам ўта юксаклигидан ҳайратда қолдим. Айнан шу ҳодисадан кейин мен у кишининг иқтисодий соҳада ёзган асарларини қидира бошладим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан иқтисодий соҳада топган илк асарим 1991 йили 28 февралда “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган “Бозордан чўчишнинг ҳожати йўқ” номли мақола бўлди.
Эътибор беринг, СССР деб аталмиш давлат ҳали бор, юртимиз унга қарам, биз ҳали социалистик тузум даврида яшаяпмиз. Бозор иқтисодиёти ҳақида халқнинг ҳали унча хабари йўқ. Ҳатто, биз, яъни иқтисодчи олимларнинг бу борадаги фикрларимиз ҳам узуқ-юлуқ, тасаввуримиз етарли эмас. Лекин матбуотда бозор иқтисоди ҳақида мақолалар чоп қилина бошлаган. Ана шундай пайтда йирик диний Уламонинг Ўзбекистоннинг энг нуфузли газеталаридан бирида бозор иқтисодиёти ҳақида мақола эълон қилиши кўпчиликни таажжуб ва ҳайратга солгани аниқ.
“Айни пайтгача бозор иқтисодининг ҳар хил омиллари ҳақида қайта-қайта гапирилиб, турли шарҳлар ҳам қилинмоқда", дейилади мазкур мақолада. Лекин бозорнинг ҳақиқий омили – инсоний омил ҳақида ҳеч ким гапирмайди. Ахир, бозор иқтисодини амалга оширувчи, ундан фойда ёки зарар кўрувчи ҳам инсон-ку!
Кўриниб турибдики, бозор иқтисодининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳам, у инсон яхши яшаши учун ўйлаб топилган тизим эканлиги ҳам шундай содда ва тушунарли усулда баён айтиляпти.
Ҳақиқатни айтганда, давом этилади мақолада, тўғри йўлга ўтиб олиш қийин бўлади. Инсон ўзини таниганидан буён ривожланиб, шаклланиб келаётган бозор иқтисодига энди ўтмоқчимиз. Йўл бошида турганимизда боболаримизнинг бу ишга муносабатлари қандоқ бўлган, буни қандоқ йўлга қўйганлар – шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш мақсадида дуру гавҳардан азиз улкан маданий меросимизга мурожаат қилсак, деб ўйлайман. Бизнинг ота-боболаримиз бу соҳада ўзига хос тенглама ишлатганлар: Аллоҳ – инсон – модда – вақт = иқтисодий равнақ”.
Ҳазрат бу ўринда шўролар ҳукмронлик қилган узоқ даврда иқтисодий қонун-қоидалардан четга чиқиб кетганлигимиз, иқтисодимиз нотўғри ташкил этилганлиги, онгу-шууримиз ҳам шўровий ақидаларга ўтиб кетганлиги туфайли бозор иқтисодининг тўғри йўлига ўтиб олишимиз қийин бўлишини башорат қиляптилар.
Ва ўтган 30 йиллик ҳаётимиз у кишининг бу фикрлари қанчалик тўғри эканлигини, яъни бозор иқтисодини барпо этиш ўта катта қийинчиликлар билан юз беришини яққол исботлади.
Шайх Ҳазратларининг боболаримизнинг бозор иқтисодини қандай ташкил этганликларини ўрганиш кераклиги тўғрисидаги фикрлари ҳам мутлақо тўғри. Ахир аждодларимиз бозор иқтисоди ҳукмрон бўлган асрларда ўз тадбиркорлик ва ишбилармонликлари билан дунёни ҳайратга солишганликлари айни ҳақиқат-ку!
Ислом ақидаси бўйича, дейилади мазкур мақолада, дунёдаги ҳамма иш Аллоҳ таолога бориб тақалади. Усиз ҳеч нарса бўлмайди. Шу билан бирга Аллоҳга иймон инсонни яхши ишларга чорлайди. У иқтисодга адолат, омо-нат, ҳалоллик, маъноларини бериб, очкўзлик, судхўрлик, ҳаром ва адолат-сизликлардан четлатади.
Эътибор берингки, ушбу ўринда яхши тадбиркор қандай сифатларга эга бўлиши кераклиги баён этиляпти.
Ҳазрат, бозор муносабатларининг илдизлари ҳақида сўз юрита бориб, юқорида таъкидлаб ўтган тенгламаларидаги иккинчи омил, яъни инсон ҳақида, у билан бозор иқтисоди чамбарчас боғлиқлиги ҳақида атрофлича сўз юритганлар.
Шайх ҳазратлари инсон иқтисодни ривожлантириш учун сабаб эканлиги, бозор иқтисоди унинг ҳаракати билан амалга ошиши ҳақида алоҳида таъкидлаяптилар.
Шу ўринда Ҳазратнинг бозор иқтисоди ўз-ўзидан ривожланиб кетавермаслиги ва у ёрдамга муҳтожлигини чуқур ҳис қилганликларини ифодаловчи фикрларини ўқиб лол қоласан: “Давлат эса бу ишларни турли усуллар билан қувватлаб туриши керак”.
Давлатнинг бозор муносабатлари шароитида ҳам иқтисодни қўллаб туриши зарурлиги ҳақидаги бу фикрлар айтилган паллаларда, яъни 1991 йилнинг февраль ойида, жаҳон иқтисодчилари орасида бозорга ўтиш билан ҳамма масала ўз - ўзидан ҳал бўлиб кетаверади, у ўзини ўзи стихияли равишда бошқараверади, давлат унга мутлақо аралашмаслиги, қўллаб-қувватламаслиги керак, деган ақидалар ҳукм сурар эди. Бунга ишониб ўз иқтисодий сиёсатини ташкил этган давлатлар тезда оғир аҳволга тушиб қолганликлари ҳали эсимизда.
Ҳазрат қайд этган тенгламадаги учинчи омил деҳқончилик, чорвачилик, саноат, кончилик, денгизчилик, ҳунармандчилик каби турли моддий нарсалардан иборат.
Исломда деҳқончилик билан бир қаторда саноат ва ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланиш зарурлиги уқтирилганлиги эътиборни тортади.
Тўртинчи омил сифатида қайд этилган вақт омилининг ҳам аҳамияти катта. Ислом ақидаси бўйича инсон умридаги вақтнинг ҳар бир дақиқаси учун Аллоҳнинг олдида жавоб беради. Шунинг учун уни доимо фойдали, самарали ишларга сарфлаш зарур.
Юқоридаги омиллар мавжудлиги ўз-ўзидан иқтисодий тараққиётга олиб келаверадими, деган савол туғилади. Ҳазрат бу саволга: “Йўқ! Бу омиллар илмий асосда, ўзаро тўғри алоқада ривож топмоғи ва рўёбга чиқмоғи зарур”, деб жавоб берадилар.
Шу ўринда яна мақоладан иқтибос келтиришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман: Мисол учун, дейилган мақолада, тажрибали деҳқон, бўлиғ ер, уруғ ва асбоб - анжомлар мавжуд. Лекин ер нимаю, уруғ нималигини тузукроқ тушунмайдиган “раҳбар” юқоридан кўрсатмалар бериб турса, ҳеч нарса бўлмайди. Бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик учун нима қилиш кераклигига ҳам Ҳазратнинг ўзлари жавоб берадилар: Демак, деҳқонга эрк бериш керак, нимани қаерга, қачон, қандоқ экишни ва ишлов беришни ўзи билади.
Бу фикрлардан бехабар айрим амалдорлар деҳқонларга нотўғри кўрсатмалар бериб, баъзи жойларда деҳқончиликка фойда эмас, зарар етказганликлари кўпчилигимиз учун сир эмас.
Мақолада инсон меҳнатидан самара кўриши кераклиги, бунинг учун маҳсулот яратувчига маҳсулотини эркин сотиш имкониятини яратиш лозимлиги ҳам қайд этилади. Бу замонавий бозор иқтисодининг ўта муҳим қоидаларидан бири эканлигини бугун иқтисодчиликка ўқиётган толиблар ҳам билишади. Лекин 1991 йилнинг бошида бу бозор иқтисодига ўтишга тайёр-гарлик кўраётган давлатлар учун инқилобий аҳамиятга эга хулоса эди!
Шайх ҳазратлари бозор иқтисодида ҳалоллик ўта зарур эканлигига жуда катта аҳамият берадилар: “Шу ўринда бозор иқтисодидаги энг муҳим омил-лардан бири – савдода Ислом қаттиқ ман қилган ҳаром ишни эслатиб ўтиш зарур. У ҳам бўлса “эҳтикор” – нархни сунъий кўтариш учун уринишдир. Бу ишнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром, катта гуноҳ”.
Жаҳоннинг аксарият давлатларида нархни сунъий равишда оширишларнинг олдини олиш учун давлатлар махсус ташкилотлар тузганликлари ва мазкур идоралар бу борада жуда кўп тадбирлар ўтказаётганликлари Ҳазратнинг бозор иқтисодининг назарий ва амалий асосларини жуда чуқур билиш-ликларини яна бир бор яққол кўрсатиб турибди.
Жамиятда моддий неъматларнинг ҳар эҳтимолга қарши муайян дара-жадаги захиралари бўлиши зарурлиги ҳам мақолада ўз ифодасини топган: Шу билан бирга, жамият фойдасини кўзлаб, келажакдаги қийинчиликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида режали равишда керакли маҳсулотларни сақлаб қўйиш нафақат мумкин, балки зарур.
СССРнинг охирги йилларидаги иқтисодий қийинчиликлар, бўм-бўш дўконлар, ўта юқори инфляция даражаси каби салбий ҳолатлар ҳали кўпчи-ликнинг эсидан чиқмаган бўлса керак, деб ўйлайман. Ана шундай оғир шароитда ҳукумат бу борада нима ишларга тайёр туриши кераклиги ҳам Ҳазратга маълум эканлиги кўриниб турибди: “Ҳозирги ҳолатда ўзимизни ўзимиз керакли барча нарсалар билан таъминлаш чораларини кўришимиз шарт. Барча зарурий нарсаларни муҳайё этишни эса ўзимиздан бошқа ҳеч ким биз учун қилиб бермайди. Ҳатто Аллоҳ таоло ҳам ўз нафсини ўзи ўзгартирмаган қавмнинг ҳолини ўзгартирмаслиги Қуръони Каримда айтилган.
Шунинг учун ҳам аввало ички имкониятларни ишга солиш керак. Ерлардан тўлиқ фойдаланиб, буғдой, шоли, арпа каби экинларни кўпроқ экиш зарур.
Экин майдонларимизнинг асосий қисмига пахта экишга мажбур қилиб, эҳтиёжимиз учун зарур дон-дунни бошқа республикалардан жўнатиб турган шўролар тузуми 1991 йили барҳам топиши билан Ҳазратнинг ўзимизни ўзимиз таъминлашга тайёрланишимиз керак, деган башоратлари дарҳол исботланди!
Мақоланинг айрим жойларини ўқиганда кишида, Шайх ҳазратлари, 1991 йилнинг бошидаёқ яқинда мустақилликка эришишимизни ҳис қилганлар ва шунда иқтисодимизда биринчи галда қандай ўзгаришлар қилишимиз керак, деган саволларга жавоблар берилгандек тасаввур пайдо бўлади. Масалан, мақолада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишнинг савдо, ҳунармандчилик, кичик корхоналар, транспорт каби қатор турлари хусусий бўлиши кераклиги ҳақида фикрлар бор. Чорвачиликни жадал ривожлантириш, айниқса, уни озуқа базаси билан мутаносиб равишда олиб бориш, халқ ҳунармандчилигига алоҳида эътибор бериш, турли-туман таъқиқларни камайтириш, халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, жамиятнинг муҳтож табақаларига ёрдам бериш, тежамкор бўлиш, исрофгарчиликларга йўл қўймаслик, халқни бозор иқтисодига тайёрлаш зарурлиги бўйича ҳам тавсиялар берганлар.
Хуллас, ҳажми унчалик катта бўлмаган мазкур мақоланинг аҳамияти жуда улкан. Унинг ҳар бир сатри чуқур ва пухта ўйланган фикрлардан иборат.
Ҳазратнинг бу мақолаларини ўқиганимдан кейин узоқ вақт унинг таъсири остида юрдим. Буюк Уламонинг Буюклиги иқтисодий тафаккурларида ҳам яққол кўриниб турганлигига иймон келтирдим.
Одил Олимжонов,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти илмий ходими,
иқтисод фанлари доктори, профессор