29 март кунидан эътиборан ўқув-машғулот йиғини ўтказаётган аёллар бўйича терма жамоамиз бугун Ҳиндистон терма жамоасига қарши халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказди.
Уч давлат – Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Беларусь мамлакатлари терма жамоалари ўртасида ўзига хос тарзда ташкиллаштирилган кичик турнирнинг дастлабкисида Ўзбекистон ва Ҳиндистон термалари майдонга тушди. Айтиш мумкинки аёллар футболида ҳиндистонликлар ҳам анойилардан эмас. Уларнинг Тошкентга ташрифидан мақсади ҳам қитъа миқёсида рейтингини кўтариш бўлган. Ва буни майдонда исботлашга кўп бор интилишди ҳам.
Бироқ мезбонлар – Баҳром Норсафаров устозлигидаги терм а жамоамиз вакиллари ўз сўзларини айтишди. Бутун ўйин давомида бир эмас бир неча бор хавфли вазиятларни яратишга яратишдию, лекин дарвозани ишғол этишнинг уддасидан чиқиш анча вақт талаб қилди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳиндистонликлар деярли майдон марказида ўйин қоидасини бузишди. Дарвозага таъхминан 30 метрлар масофа бор.
Тўп олдида тажрибали, хушчақчақ Мафтуна Шоимова. Унинг дарвозани нишонга олишига ўзи ҳам ишонмаган бўлса керак. Лекин кучли ва аниқ мўлжал билан тепган тўпи дарвозанинг чап-юқори бурчагига етиб борди. Дарвозабон ҳарчанд сакрасада тўпга ета олмади.
Шу тариқа Ўзбекистрон термаси кичик турнирнинг дастлабки ўйинида ғалаба қозонди. Навбатдаги учрашув 8 апрелда, Ҳиндистон ва Беларусь термалари ўртасида ўтказилса, турнирнинг сўнгги баҳси – Ўзбекистон ва Беларусь термалари 11 апрелда майдонга тушишади.
Халқаро ўртоқлик учрашувлари
5 апрель
Ўзбекистон – Ҳиндистон – 1:0
Гол: Мафтуна Шоимова (88).
8 апрель
Ҳиндистон – Беларусь
11 апрель
Ўзбекистон – Беларусь.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА