ЎзА мухбирининг Президентимизнинг жорий йил 11 мартда қабул қилинган “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан фуқароларга уй-жой ажратилиши тўғрисидаги саволларига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Уй-жой қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Равшан АСҚАРОВ жавоб берди.
– Мазкур фармон билан турли тоифа, қатламдаги фуқароларимиз уй-жой билан таъминланади, – дейди Равшан Асқаров. – Жумладан, энг аввало номида уй-жойи йўқ, уй-жойга муҳтож фуқароларга уй-жой ажратилиши кўзда тутилган.
Бутун республикамиз ҳудудида барча уй-жойлар янги тартиб асосида қурилади. Эндиликда қуриш ишлари хусусий пудрат ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, бозорда рақобатнинг юзага келиши, бозор нархининг шаклланиши, уй-жойларнинг маълум бир даражада арзонлашишига олиб келади.
– Мазкур қурилаётган уй-жойларнинг йиллик фоизи, ойлик тўлови, умумий таннархи, ипотека кредити фоизи ҳақида маълумот берсангиз?
– Фармонга мувофиқ 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш белгиланган. Шундан, пойтахтимизда 8 мингга яқин квартира қурилади. Унга кўра қишлоқ жойларида уй-жой майдони квадрат метри 4 миллион сўмдан, вилоят марказларида қурилаётган уйларнинг 1 квадрат метри 5 миллион 200 минг сўм, Тошкент шаҳрида эса 5 миллион 700 минг сўмдан ошмаслиги белгиланган.
Тошкент шаҳрида қуриладиган 70 кв метр уй мисолида гапирадиган бўлсак, бошланғич бадал 15 фоизга туширилди. Агар фуқарога субсидия берилган бўлса, бошланғич бадалининг 10 фоизини, яъни 39 миллион 900 сўми давлат томонидан тўлаб берилади. Уйнинг бошланғич бадалининг қолган 5 фоизини фуқаро тўлайди. Бу беш фоизи 19 миллион 950 минг сўм бўлади. Умумий кредит суммаси 339 миллион 150 минг сўм бўляпти. Бу бозор тамойилларига асосланган кредит бўлганидан кейин, албатта, уй-жой харид қилаётганингизда тижорат банклари билан шартнома тузилади. Масалан, шартнома бўйича фоиз тўловлари 18 фоиз бўладиган бўлса, 20 йил мобайнида уйнинг умумий таннархи 965 миллион 309 минг сўм бўлади.
Бунда биринчи беш йилда кредитнинг 12 фоиздан ошган қисми давлат томонидан 5 йил мобайнида субсидия тарзида тўлаб берилади. Шунда ўртача ойлик тўлов 5 миллион 500 минг сўмга тўғри келади. Мазкур маблағдан фуқаро ўзи тўлайдиган қисми 3 миллион 600 минг сўм бўлади. Беш йилдан сўнг фуқаро қолган 15 йилни тўлиқ ўзи тўлайди.
Қишлоқ жойларда қурилган 70 квадрат метрлик уйларга тўхталсак. Уларнинг 1 метр квадрати 4 миллион сўм этиб белгиланган. Давлат томонидан субсидия олган бўлса, 10 фоизи, яъни 28 миллион сўм тўлаб берилади. Қолган 5 фоизини (14 миллионини) фуқаро ўзи тўлайди. Мана шунинг ҳисобига 15 фоизлик бошланғич бадал шаклланади. Бу ерда кредит суммаси 238 миллион бўлади. Ҳудудларда қурилган уй-жойлар фоиз ставкалари маълум миқдорда кам бўлади. Масалан, фоиз ставкасини 17 фоиз деб оладиган бўлсак, жами 20 йилда тўланадиган қиймат 674 миллион 816 минг сўмни ташкил этади. Мана шу ҳолатда биринчи 5 йил давомида давлат томонидан 91 миллион 800 минг сўм субсидия тўланади. Бу ерда фуқаро ҳар ойда 2 миллион 300 минг сўм тўлайди.
– Мазкур ҳужжатда белгиланган дастур асосида қурилган уйдан ташқари, хусусий секторлар томонидан қурилган уйлар учун ҳам 399 миллион сўм ипотека кредити ажратилиш белгиланган. Аммо хусусий фирмаларда қурилган 70 квадрат метрлик уйларнинг таннархи 600-700 миллион, ундан ҳам юқори нархларда сотилмоқда. Белгиланган сумма хусусий секторда қурилган уйларни харид қилиш учун етмайди. Ёки хусусий секторлар томонидан қурилаётган уйларнинг ҳам таннархи тушириладими?
– Фармонда уй-жойнинг максимал қиймати 399 миллион этиб белгиланган. Бу ерда ушбу маблағлар Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ипотека бозорини ривожлантириш учун берилган маблағлардан ажратилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, фармонда уй-жойлар нархини пасайтиришга қаратилган бир нечта омиллар белгилаб ўтилган. Масалан, қурилиш материалларига тўланадиган божлар бекор қилинди. Қурилиш материалларини арзонлаштиришга қаратилган бир қанча чора- тадбирлар белгиланган. Белгиланган чора- тадбирлар ҳаётга татбиқ этилса, уй-жойларнинг таннархи пасайиши кутилмоқда. Умумий қилиб айтганда, 400 миллионгача маблағни фуқаро кредит қилиб олиши мумкин бўлади. Қолган қисмини ўзи тўлайди.
– Маоши кам ёки ижарада яшайдиганларга ҳам бирор-бир имкониятлар яратилганми?
– Уй-жойи йўқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилада ногирони бор, ёлғиз аёлларга мазкур фармон билан алоҳида имтиёзлар кўзда тутилган. Жорий йилдан бошлаб давлат дастури бўйича бундайларга ҳар бир вилоят кесимида 100 тагача бўлган уй-жой ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бу уйлар давлат бюджети ҳисобидан қурилади. Уйларга бошпанасиз фуқаролар ижара асосида жойлаштирилади.
Бундан ташқари, ҳар битта ҳудуд ўзининг ички имкониятларидан келиб чиқиб, қўшимча равишда уй жойларни сотиб олиб, фуқароларни ижара асосида жойлаштиради. Мазкур уйларнинг ижара нархи жуда паст миқдорда белгиланган. Масалан бир йилга 200-300 минг сўм атрофида бўлади...
<iframe width="1349" height="488" src="https://www.youtube.com/embed/PCO3aBr7xGs" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА