Ташқи ишлар вазирлигида “Иш шароитида соғлом турмуш тарзи. Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳамда вакцинация жараёни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда вазирлик марказий аппарати ходимлари, мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда инсоният коронавирус билан боғлиқ глобал пандемияни бошдан кечирмоқда. Бундай улкан фалокатни сайёрамиз аҳолиси кейинги юз йилда кўрмаган эди.
Давра суҳбатида ходимларнинг иш давомида соғлом турмуш тарзи билан шуғулланиши зарурлиги ҳақида сўз борди. Қайд этилганидек, соғлом турмуш тарзи инсоннинг кун тартибига риоя этиши, фаол ҳаракат асосида танасини чиниқтириши, спорт билан доимий равишда шуғулланиши, тўла ва сифатли овқатланиши, гигиеник қоидаларга қатъий амал қилиши, зарарли одатлардан ўзини тия билиши деганидир. Серҳаракатлилик организмни табиий равишда ҳам жисмоний, ҳам руҳий рағбатлантириб туради. Шу сабабли одамлар юқорида қайд этилган амалларни ҳаётий тамойилга айлантириш лозим.
Афсуски, ҳозирги замонавий ахборот-коммуникациялари ривожланган замонда жисмоний фаоллик сезиларли камайгани кўзга ташланмоқда. Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, камҳаракатлиликка қарши оммавий курашиш инсонларнинг юксак жисмоний ва ақлий иш қобилиятини муҳофаза этиш, аҳоли кенг қатлами, айниқса, ёшларни спорт билан шуғулланишга жалб қилиш тобора долзарблик касб этмоқда.
Тадбирда Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Коронавирусга қарши курашиш штаби вакиллари, соҳа мутахассислари юртимизда коронавирус билан боғлиқ юзага келган сўнгги вазият ҳамда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш масаласи бўйича атрофлича маълумот бердилар. Хусусан, давлатимиз томонидан аҳолининг саломатлигини асраш йўлида барча чора-тадбирлар кўрилаётгани таъкидланди.
Айтиш жоизки, коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида вазирликда ҳам карантин чораларига қатъий амал қилиб келинмоқда. Жумладан, ниқоб тақиш, антисептик воситалардан кенг фойдаланиш, ижтимоий масофа сақлаш ҳамда шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш тартибига риоя қилинмоқда.
Вазирликда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, ходимлар спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун шароит яратиш мақсадида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети спорт мажмуасида сузиш, футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси бўйича ҳафталик машғулотлар ташкил этилган.
Тадбир давомида мутахассислар вазирлик ходимлари, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакилларининг соғлом турмуш тарзига оид, иммунитетни мустаҳкамлаш бўйича саволларига жавоб қайтаришди.
С.Раҳимов,
ЎзА