
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқдилар.
Иккинчи ўқишда айрим нормаларга қонундаги мантиқий давомийликни сақлаш мақсадида таҳририй ўзгаришлар киритилди. Шу билан бирга бир-бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланди, айрим моддалар тўлдирилди. Чунончи, қонун лойиҳаси билан тан жароҳатлари билан боғлиқ бўлмаган ҳамда иккитадан ортиқ бўлмаган транспорт воситалари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда ҳайдовчилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокисиз мустақил равишда билдиришнома тузиш орқали расмийлаштириш назарда тутилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, бу нафақат йўл-транспорт ҳодисаларини расмийлаштиришга кетадиган вақтни тежайди, балки йўлларда тирбандлик пайдо бўлмаслигига ва бошқа ҳайдовчиларга халақит қилмасликка ёрдам беради.
Яна бир муҳим жиҳат. Суғурта қилинган транспорт воситаси ҳайдовчиси уч иш куни ичида суғурталовчига йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарномани тақдим этиши керак. Шу боис, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарномани тузиш тартиби киритилмоқда.
Қолаверса, ушбу Қонуннинг 201-моддасига Қонунчилик палатаси фракциялари депутатлари томонидан берилган таклифларга асосан таҳририй ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилди.
Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидан чиқарилган 212-моддасининг учинчи қисмидаги тартиблар ушбу моддага киритилди. Бунда норма соддалаштирилиб, унда хабарномани тузиш ва рад этиш асослари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, агарда суғурталовчи ҳайдовчилардан хабарномани қабул қилганидан сўнг, уни тузиш асослари бузилганлигини аниқлаб, ҳақиқий эмас, деб топганда ёки йўл-транспорт ҳодисаси айбдор тарафи ўзгариб қолганида айбдорнинг айбини яққол намоён қиладиган видео тасмалар, экспертиза хулосалари мавжуд бўлгандагина уни шу куннинг ўзида ички ишлар органларига қайтариш мумкинлиги назарда тутиляпти.
Бу билан суғурта компаниялари асоссиз равишда ҳайдовчининг айбини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган ҳолда айбдор тараф ўзгарганлигини важ қилиб, суғурта товонини тўлашдан бош тортиш ёки муддатларни сунъий равишда чўзиш мақсадида ички ишларга юбориши тақиқланмоқда.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА