
Бу йил катта сиёсий жараён – президентлик сайлови ўтказилади. Сайловни ташкил этиш ва уни демократик талаблар асосида ўтказиш галдаги энг муҳим масалалардан биридир.
Сайловолди ташвиқот бошлангунга қадар барча сиёсий партиялар, президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари учун сайловчилар билан учрашув, баҳс, дебат матбуот конференциялари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, плакат, ролик ва баннерларни жойлаштириш учун тенг имконият яратилиши муҳим ҳисобланади.
Айнан мазкур жараёнда номзодларнинг дастурлари ҳамда ташвиқот материалига эътибор қаратилади. Буларнинг барчаси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар қонунчиликда белгиланган муддатларда, эркин, очиқ-ошкора, шаффоф, сайлов соҳасидаги миллий қонунчилик, хусусан, Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилишига хизмат қилади.
Мустақиллик йилларида ўтказилган сайловларда орттирилган катта амалий ва ҳуқуқий тажриба, шунингдек, миллий ва халқаро кузатувчилар томонидан билдирилган тавсиялар сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.
Янгиланаётган Ўзбекистонда эса давлат ва жамиятнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиши, фуқаролар дунёқарашининг ўзгариши туфайли турли ижтимоий қатлам, гуруҳларнинг манфаатлари ва қадриятлари ўзгариб бориши натижасида янги Ўзбекистонда президентликка сайлов кампанияси Сайлов кодекси асосида янгича қараш, янгича тафаккур, янгича усул ва воситаларни қўллаш асосида ташкил этилиши таҳсинга сазовордир.
Жумладан, Сайлов кодексининг 12-боби Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари, деб номланади.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 61-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодга қўйиладиган талаблар келтирилган. Нормага биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти беш йил муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиши мумкин эмаслиги, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши белгиланган. Мазкур моддада Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдиганлар сифатида қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари кўрсатилган.
Айнан ушбу Сайлов кодексида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи 62-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунининг 8-моддасида белгиланганидек, сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сирасига мазкур қонунчиликнинг 63-моддасида кўрсатилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидагиларни тақдим этиши керак. Бунда сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотнома, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилгач, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида беш кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради.
Сайловда иштирокэтувчи партияларнинг рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилиниши белгилаб қўйилган.
Савол туғилиши табиийки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби қандай амалга оширилади?
Бу саволнинг ҳуқуқий жавоби ҳам Сайлов кодексининг 64-моддасида ўз ифодасини топган. Демак, мазкур нормага кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади. Сиёсий партиянинг юқори органи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига битта номзод кўрсатиши мумкин.
Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатилганлиги тўғрисида баённома тузилади.
Сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:
– сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;
– сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилади;
– Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари. Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак. Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.
Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.
Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Кодекс талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.
Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Кодекс талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига маълум қилади. Сиёсий партия ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатиш ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.
Президентликка номзодлар сайлов куни эълон қилиниши, шунингдек, сайловолди ташвиқотларга расман рухсат берилишдан олдин ишга киришади. Улар ўзларининг дастлабки ишларини сайлов округидаги аҳолининг аҳволини ўрганишдан бошлайди.
Демак, бугун янгиланаётган Ўзбекистон ҳам ўзининг сайлов тажрибасига эга бўлиб, ўтган ҳар бир сайлов кампанияси ўзига хос бетакрор характер касб этади. Аҳолининг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий маданияти ҳам ўз ижобий фаоллигини намоён этади.
Феруза МУХИТДИНОВА,
юридик фанлари доктори, профессор.
ЎзА