
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Универсиада – 2020» спорт ўйинларининг ғолиб ва совриндор жамоаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилган.
Спорт мусобақалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил «Ўқувчи ва талаба ёшлар ўртасида ўтказиладиган республика спорт мусобақалари тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан 12 та спорт (бадминтон, баскетбол, волейбол, гандбол, футбол, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, шашка, кураш, белбоғли кураш, дзюдо) тури бўйича бўлиб ўтди.
«Универсиада – 2020» спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ 3 босқичда ташкил этилди.
Мазкур спорт мусобақаларининг олий таълим муассасаси (биринчи) босқичида 50 557 нафар (шундан 18 532 нафари хотин-қизлар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий (иккинчи) босқичида 6 012 нафар (шундан 2 396 нафари хотин-қизлар), республика финал (учинчи) босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 1 518 нафар (шундан 418 нафари хотин-қизлар) талабалар иштирок этди.
[gallery-1737]
«Универсиада – 2020» спорт мусобақалари якунига кўра умумжамоа ҳисобида:
1-ўрин: Тошкент вилояти;
2-ўрин: Қорақалпоғистон Республикаси;
3-ўрин: Самарқанд вилояти талаба ёшларига насиб этди.
Спорт ўйинлари ғолиб ва совриндорлари «Президент совғаси» билан тақдирланди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА