
Шеърият ихлосмандлари Саъдулла Ҳакимни “Ҳамал тонглари”, “Сен кутган баҳор”, “Ёз оқшоми”, “Она сўз”, “Кўнгил юзи”, “Кўҳна нақл” каби китоблари орқали яхши билади.
Саъдулла Ҳаким 1951 йил 25 мартда Жиззах вилояти Фориш тумани туғилган. У 1977 йил Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тугатган.
У меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган. Турли йилларда “Ўзбекистонда социал таъминот” журналида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ўзбекистон овози” ва “Маърифат” газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлигида меҳнат қилган.
У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг аъзоси эди. Саъдулла Ҳаким 2002 йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган.
Саъдулла Ҳаким 2020 йил 11 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган. Ижодкор 2016 йил 29 декабрдан умрининг охирига қадар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига раҳбарлик қилди.
Навоий ва Бобур
Она тили ори, ғурури
Асрлардан садо беради.
Навоийдан сўз айта туриб,
Тилга Бобур келаверади.
Олти кунда яралмиш олам
Ва одам ҳам. Шукрона айта
Биз февралнинг олти кунида
Туғиламиз ҳар йили қайта.
Ҳали борлиқ қиш уйқусида,
Ҳали кўзин очмайин бодом, —
Туркий замин кенгликларида
Чапараста гуллайди одам.
Сен, эй кўнгил, гар тиларсан хўб,
Сўз сеҳридан умрингга нажот, —
Мир Алишер этагини ўп,
Бобур Мирзо эшигида ёт…
Она тили ори, ғурури
Асрлардан садо беради.
Навоийдан сўз айта туриб
Дилга Бобур келаверади!
***
PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшаётган инсонлар, давлат ва жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta, @Ikrom_Avvalboyev
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37
Сайтимизни кузатиб боринг!