Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” МЧЖ билан ҳамкорликда ўтказилган инновацион лойиҳалар бўйича танлов якунланди.
Танлов ғолиблари Наврўз байрами доирасида мукофотланди.
Таъкидлаш жоизки, туризм соҳасидаги стартап-лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан, биринчи навбатда сайёҳлар учун қулайликлар яратишга йўналтирилган ахборот дастурлари ва хизматларини умумий 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидиялаш белгиланган.
Танлов махсус комиссияси хулосасига кўра, танловга тақдим этилган стартап-лойиҳалар орасидан 7 лойиҳа қўллаб-қувватлаш мақсадида саралаб олинди.
Танловни ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, стартап-лойиҳа ташаббускорларидан ҳужжатлар 2020 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида қабул қилиниб, уларнинг умумий сони 217 тани ташкил қилган. Танлов комиссияси ишчи органи томонидан танлов талаблари ва лойиҳанинг туризм соҳасига тааллуқли эканлиги инобатга олинган ҳолда, 101 лойиҳа саралаб олинган ҳамда 2021 йилнинг январь ойида 18 лойиҳа танловнинг якуний босқичида иштирок этган.
Ғолиб деб топилган стартап-лойиҳаларни қисман молиялаштириш учун 700,0 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди ва қўмита ҳамда вазирлик томонидан стартап-лойиҳа ташаббускорлари тақдирланди.
ЎзА