Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилоятидаги Накурт қишлоғида туғилган.
Азим Суюн 1977 йил Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатган. Меҳнат фаолияти давомида «Тошкент университети» газетасида адабий ходим, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот давлат қўмитасида адабий маслаҳатчи, Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб, “Халқ сўзи” газетасида бўлим муҳаррири бўлган. “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари бош муҳаррири вазифасида хизмат қилган. Ундан кейин “Гулистон” журналида ҳам бош муҳаррир бўлди. Ижодкор бутунжаҳон шоирлар конгресси аъзоси эди.
Ижодкорнинг дастлабки шеърий тўплами — «Менинг осмоним» 1978 йил чоп этилган. Шундан сўнг бир қанча шеърий мажмуалари («Зарб», 1979; «Замин тақдири», 1981; «Хаёлот», 1984; «Зиё йўли», 1986; «Жавзо», 1987; «Олис тонглар», 1989; «Куйганим — суйганим», 1992; «Қора кўзинг сенинг», 1994; «Сайланма», 1997; «Шарқ хикмати», 2000; «Эй дўст», 2005) ва бир нечта достонлари («Сарбадорлар», 1981 ва бошқ.) нашр этилган.
Азим Суюн шеъриятни халқ оҳанглари, табиатнинг нафис тасвири, бадиий ижод анъаналарини янгича шакл ва мазмун билан бойитди. Унинг асарлари бир қанча хорижий тилларга таржима қилинган.
Халқимизнинг ардоқли шоири Азим Суюн 2020 йил 9 мартда оламдан ўтди.
АНҒИЗ ЎСГАН ЕРЛАРДА
«Қадимги Нурато қўшиқлари» туркумидан
Анғиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмагай,
Яхши бўлса аёллар эрлар юзи сўлмагай.
Қайси юртда чинакам ботир бўлса йигитлар,
Ўшал юртнинг эллари ёвларга қул бўлмагай.
От минмаган от минса, чопа-чопа ўлдирар,
Боғ кўрмаган боғ кўрса, пайҳон қилар, сўлдирар.
Ҳушёр бўлгил, жон элим, элдай сақла элингни,
Ёвларингга йўл берсанг, поймонангни тўлдирар.
Бош кесилса, ёронлар, сочга мотам тутилмас,
Қон қусилса, ёронлар, ичга сувдек ютилмас.
Қай бир миллат тупроғин топтар экан маккор ёв,
Ўзлигин билганларнинг бахти асло бутунмас!
Арғумоғларга мининг,
Ғолиб қилич ёр бўлсин!
Бу дунёда ҳар кимнинг
ўз Ватани бор бўлсин!
***
PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган ва қўшаётган инсонлар, давлат ҳамда жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta, @Ikrom_Avvalboyev
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37
Сайтимизни кузатиб боринг!