Фестиваль доирасида спорт тарғиботчилари учун махсус ўқув-семинар ҳам ташкил этилди ва семинар якунида тарғиботчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан жорий йил 12-14 февраль кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чимён қишлоғида анъанавий «CHIMGAN CHALLENGE» эко-сайёҳлик спорт фестивали бўлиб ўтди.
Фестивалда республикамиздаги вазирликлар, идоралар ҳамда йирик корхона-ташкилотларнинг спорт тарғиботчилари баскетбол, волейбол, бадминтон, мини-футбол бўйича ўзаро жамоаларга бўлинган ҳолда баҳс олиб боришди.
[gallery-1160]
Қарийб 170 нафардан зиёд спорт тарғиботчилари ҳамда 25 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари фестивалнинг янада жонли ўтишини таъминлаб беришди. Мусобақаларда ОАВ вакиллари ҳам бевосита иштирок этишди. Яъни, улар жараёнларни кенг ёритиш билан бирга юқоридаги спорт турлари бўйича ўз омадларини синаб кўришди.
Иккинчи бор ўтказилаётган «CHIMGAN CHALLENGE» эко-сайёҳлик спорт фестивалини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – турли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган спорт тарғиботчилари орасида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишни кенг тарғиб қилиш, қолаверса, улар ишлаётган ташкилотларда ҳам соғлом турмуш тарзини оммалаштириш орқали спорт мусобақаларини мунтазам ўтказишдан иборат.
Фестиваль доирасида спорт тарғиботчилари учун махсус ўқув-семинар ҳам ташкил этилди ва семинар якунида тарғиботчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Вазирликлар, идоралар, йирик корхона-ташкилотлар ҳамда ҳудудий ҳокимликларнинг спорт тарғиботчилари ва ОАВ ходимлари иштирок этган бадминтон, мини-футбол, баскетбол ва волейбол бўйича мусобақа якунларига кўра натижалар қуйидагича:
Бадминтон. Эркаклар:
1-ўрин. Рашидов Шерзод - Мудофаа вазирлиги;
2-ўрин. Насимов Озод - Ички ишлар вазирлиги;
3-ўрин. Абдуллаев Руслан - Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.
Аёллар.
1-ўрин. Нуриллаева Малика - Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги;
2-ўрин. Шодиева Дилафруз - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси;
3-ўрин. Эрметова Ширина - Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги;
Мини-футбол.
1-ўрин. «Семурғ» жамоасига насиб этди.
2-ўринни эса «Лочин» жамоаси қўлга киритди.
3-ўринни «Универсал» жамоаси эгаллади.
Баскетбол.
1-ўрин «Бургутлар» жамоасига насиб этди.
2-ўринни «Истиқлол» жамоаси қўлга киритди.
3-ўринни «Ёшлар» жамоаси эгаллади.
Волейбол.
1-ўрин «Тарғиботчилар» жамоасига насиб этди.
2-ўринни «Матбуотчилар» жамоаси қўлга киритди.
3-ўринни эса «Дўстлик» жамоаси эгаллади.
Шунингдек, тоғ чанғиси ва сноуборд бўйича ҳам мусобақалар ўтказилди. Маҳаллий аҳоли орасидан иқтидорли спортчилар саралаб олинди.
Тоғ чанғиси мусобақаси давомида концерт дастурлари йиғилганларга ўзгача кайфият бағишлади.
Мусобақада қатнашган барча иштирокчилар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан таъсис этилган диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Ш.НЎЪМОНОВ, М.АМИН (сурат), ЎзА