Адлия вазири Русланбек Давлетов очиқ мулоқот шаклида жамоатчиликка ҳисобот бермоқда.
Унда 2020 йилда амалга оширилган ишлар, келгуси режалар, вазирлик томонидан йўлга қўйилиши кутилаётган янги лойиҳалар тўғрисида ОАВ ва жамоатчиликка ахборот берилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, пандемия 2020 йилда дунё мамлакатлари кун тартибидаги асосий масалага айланди. Адлия органлари ҳам шароитга мослашишиб ишни ташкил этди.
Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маслаҳатга бўлган эҳтиёжини масофавий тарзда қондириш мақсадида телеграм мессенжерида @huquqiy_maslahatbot, @notariusmaslahatibot, @davxizmataloqa_bot каби ботлар ишга туширилди.
Долзарб ва кундалик ҳаётда кўп дуч келинадиган ҳолатлар бўйича вазирлик веб-сайтида 21 йўналишни ўз ичига олувчи алоҳида “Сўраган эдингиз” бўлими ташкил этилди.
Пандемия даврида аҳоли билан икки томонлама алоқани йўлга қўйиш мақсадида фуқаролар томонидан энг кўп берилаётган саволлар бўйича вазирликнинг фейсбукдаги “Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией” гуруҳида қирққа яқин онлайн мулоқот ташкил этилди.
Илк бор адлия вазири томонидан Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот/диалог с народом” гуруҳида фуқаролар билан онлайн мулоқот ўтказилди.
Шу билан бирга, вазирлик “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Президент Халқ қабулхонаси кўмагида “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акциясини амалга оширди. Акцияда беш мингдан зиёд киши қамраб олинди.
Пандемия даврида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида электрон давлат хизматлари турлари сезиларли даражада кўпаймоқда. 2020 йилда давлат хизматлари марказлари томонидан 8,2 миллион хизмат кўрсатилди. Электрон (онлайн) хизматлар олиш улуши 16 фоизни ташкил қилди. Фуқаролар томонидан уйдан чиқмасдан масофадан туриб электрон имзо калитини олиш имконияти пайдо бўлди. ФҲДЁ архивларида сақланаётган қоғоз шаклидаги 60 миллионга яқин архив маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Тадбир бошланишида тизимда амалга оширилган ишларга оид видеолавҳада шу каби жиҳатлар қамраб олинган.
Онлайн мулоқотда кўтарилган масалалар, саволларга жавобларни батафсил ёритиб борамиз.
Сайтимизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова, ЎзА