Ватанимиз тарихидаги 14 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1483 йил (бундан 538 йил олдин) – Фарғона вилоятини идора қилаётган темурийзода Умаршайх Мирзо хонадонида Заҳириддин Муҳаммад Бобур дунёга келди. Маълумотларга кўра, Заҳириддин Муҳаммад исмини ёш шаҳзода учун ўша даврдаги Мовароуннаҳрнинг атоқли уламоларидан бўлган Хожа Носириддин Убайдуллоҳ Аҳрор Валий танлаган. Кейинчалик чиғатойлар арабча “Заҳириддин” сўзини талаффуз этишга қийналганликлари боис ота-онаси уни Бобур деб атайдиган бўлиб қолишган. Шундай қилиб, расмий ҳужжатларда улуғ шоир, адиб ва ҳукмдор номи Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарзида қўллана бошланган.
Бобур Мирзонинг умри тўс-тўполон, уруш-юришларда ўтган бўлса ҳам, ўз даврининг илғор фани ютуқларини жуда ўткир ва бетакрор ақл-заковати билан пухта эгаллади. Атиги қирқ етти йил умр кўрган олижаноб инсон ва улуғ шоҳ авлодларга ўзининг бебаҳо адабий, илмий меросини қолдирди. У йигирма ёшида “Хатти Бобурий”ни кашф қилди. Шарқ мумтоз адабиётининг турли жанрларида ажойиб шеърлар ёзиб, девон тартиб берди. “Бобурнома”дай улкан ҳажмли тарихий-бадиий асарини яратиб, туркий наср имкониятларининг беқиёс эканлигини амалда исботлади.
Адабиётшунослик борасида туркий арузнинг хусусиятларига оид “Мухтасар” асарини ёзди. Дин асосларига бағишланган шеърий рисоласи “Мубаййин”ни яратди. Шунингдек, нақшбандий тариқатининг пешвоси Хожа Аҳрори Валийнинг “Волидия” асарини шеърий усулда туркий тилга таржима қилди. Булардан ташқари, Бобур Мирзонинг мусиқа ва ҳарбий билимларга оид рисолалар ёзгани ҳам манбаларда баён этилади, бироқ бу асарларнинг тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда.
1856 йил (бундан 165 йил олдин) – Хива хони Қутлуғмуродхоннинг фожиали ўлимидан сўнг Хива тахтига Сайид Муҳаммад хон қилиб кўтарилди. Сарой аъёнлари 1856 йил 14 февралида эски удумга кўра оқ кигизга ўтқазиб, уни хон деб эълон қилдилар. Саид Муҳаммадхон 34 ёшида тахтга ўтирди. Рус шарқшуноси Николай Веселовскийнинг таъкидлашича, у Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I нинг фарзанди бўлган.
Унинг даврида Хивадаги ички низоларга барҳам берилган, хонликда тинчлик-осойишталик қарор топган. Сайид Муҳаммадхон даврида Хивадаги Кўҳна арк саройидаги кўринишхона қайта тикланган ва унинг шипи, айвон устуни хоразмча нақшлар билан безатилган. 1859 йилда Хиванинг Дишан қалъа қисмида, Нуруллабой боғида янги кўринишхона қуриб битказилган. Огаҳий “Гулшани давлат” тарихий асарида Сайид Муҳаммадхоннинг хонлик даврини таърифлаган.
1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Самарқанд мусиқий драма жамияти” номи билан фаолият юритаётган театр труппаси давлат ихтиёрига олинди. Труппанинг давлат ихтиёрига олинишига бағишланган кенгашда Беҳбудий, унинг шогирди, ўша вақтда труппага раҳбарлик қилган Абдулла Бадрий, артистлардан Саъдулла Жўрабоев, Ҳусаин Низомиддинов ва бошқалар иштирок этишди.
1940 йил (бундан 81 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Комил Муқимов таваллуд топди. У 1992–2005 йилларда Бухоро давлат университети ректори бўлган. Унинг изланишлари туфайли магнит ҳодисалар физикаси соҳасида янги – “кучли магнит майдонида нодир элементлар магнитооптикаси” илмий йўналиши яратилди.
1943 йил (бундан 78 йил олдин) – Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжон таваллуд топди. Унинг шеърий асарларида воқеликни нозик ҳис этган ҳолда бадиий ифодалаш, муайян ҳодисадан фавқулодда фалсафий хулосалар чиқариш, ўзи туғилиб ўсган муҳит колоритига мос ифодалар топиш тамойили устуворлик қилади.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Қуролли кучлари таркибида Мамлакатни ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш қўшинлари тузилди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади