“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги фаолиятига бағишлаб Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжумани шундай номланди.
Унда комбинат масъуллари маҳаллийлаштириш дастури бўйича амалга оширилган ишлар ва бу борадаги режалар хусусида маълумот берди.
Таъкидланганидек, комбинат томонидан 2020 йилда 72 лойиҳа асосида 131,9 миллиард сўмлик ва янги 23 лойиҳа бўйича 11,9 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режа қилинган эди. Амалда эса дастурга асосан 72 лойиҳа асосида 157,2 миллиард сўмлик, шу жумладан, янги 23 та лойиҳага доир 17,5 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилишига эришилди. Режа кўрсаткичи 119,1 фоизга бажарилиши таъминланди.
– Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар комбинатнинг Марказий таъмирлаш механика заводи, Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Рух заводи каби корхоналарда ишлаб чиқарилмоқда, – деди “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Отабек Исроилов.
– Бунда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар комбинатнинг ички эҳтиёжи ҳамда республикамизда фаолият юритиб келаётган тоғ-кон саноати корхоналари учун мўлжалланганлиги билан аҳамиятли. Комбинат томонидан 2020 йилда маҳаллийлаштириш доирасида пўлат ва чўян қуймаларидан тайёрланган эҳтиёт қисмлар 60,9 миллиард сўм, ностандарт қурилмалар 12 миллиард сўм, конвейер қурилмалари учун эҳтиёт қисмлар 0,6 миллиард сўм, ГРАТ ва ГРТ типдаги насослар учун эҳтиёт қисмлар 1 миллиард сўм, янчиш ускуналари учун эҳтиёт қисмлар 1,8 миллиард сўм, тегирмон ускуналари учун эҳтиёт қисмлар 6,6 миллиард сўмни ташкил этди.
Комбинат Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳам ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйган. Масалан, лаборатория шароитида олинган олеин кислотаси ишлаб чиқариш жараёнлари синаб кўрилиб, яхши натижага эришилиши ана шундай ўзаро якдилликдаги саъй-ҳаракатлар самараси, дейиш мумкин.
– Ҳозирда ушбу маҳсулотни саноат даражасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, – деди комбинатнинг маҳаллийлаштириш дастури бўлими бошлиғи Козимжон Жумабоев.
– Шу билан биргаликда, 2021 йилда ушбу дастур доирасида 161,4 миллиард сўмлик 87 та лойиҳа, шу жумладан, 4,3 миллиард сўмлик 17 та янги лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Комбинатнинг Марказий таъмирлаш-механика заводини модернизация қилиш ва бунинг натижасида технологик ускуналар учун ҳозирда импорт орқали сотиб олинаётган эҳтиёт қисм ва бутловчи буюмларни ушбу бўлинма қувватларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда Портловчи моддалар заводи қувватларидан электрик қўзғатиш тизимларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма корхонани ишга тушириш истиқболдаги режаларимиздир.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА