Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айтган ушбу фикрлари айни ҳақиқат. Чидан ҳам инсон онгу тафаккури ривожлана бошлаши билан унга ҳалоллик сингдирилса, улғайганида турли ножўя ҳаракатлар, қонунбузарликларга унда муросасизлик иммунитети шаклланади.
БМТнинг Коррупцияга қарши курашишга қаратилган Конвенциясида қайд этилганидек, “Коррупция – бу жамиятни қинғир йўллар билан ўз қармоғига илинтирувчи жуда ҳавфли иллат. Шунингдек, мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устунлиги асосларига зарар етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Энг ачинарлиси, уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа жамият ривожи учун хавфли бўлган иллатларни авж олиши учун замин яратиб беради”.
Ҳеч шубҳасиз, бу иллатга қарши курашишда барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамият ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлиги мустаҳкамланиши зарур.
Ушбу иллатга қарши курашишда қонунбузарликларга қарши курашувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар муҳим ўрин тутиши керак.
Бунинг учун эса ушбу тизимга кадрлар тайёрлаб берувчи таълим муассасаларида сифатли таълим-тарбия берилиши шарт. Салоҳиятли ҳамда ўз меҳнат фаолиятида коррупция илдизига болта уришни мақсад қила оладиган ёш кадрларни етиштириб бериш – асосий мақсад бўлиши лозим.
Айнан шу мақсад йўлида фаолият олиб бораётган Тошкент давлат юридик университетида қонунларни чуқур биладиган, инсон ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қила оладиган кадрларни тарбиялашга эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, турли қонунбузарликлар, хусусан коррупцияга қарши тизимли ва самарали курашиш йўлга қўйилгани ёшлар учун муҳим тарбия воситаси бўлиб келмоқда.
Университетда корруцияга қарши курашиш механизми ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. Хусусан, университетнинг коррупцияга қарши курашиш дастури бу соҳада унинг сиёсий иродасини яққол кўрсатиб беради.
Дастур ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимлари – Фойдаланиш бўйича талаблар ва тавсиялар” халқаро стандарти талабини инобатга олган ҳолда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотлар тавсиялари ва етакчи халқаро амалиёт асосида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Ушбу дастур доирасида белгиланган барча талаб ва мажбуриятлар университет ўқитувчиларига, таркибий бўлинмаларида фаолият юритаётган барча ходимларга, шунингдек, барча талабаларга бирдек тааллуқли.
Дастурда коррупцияга қарши курашишнинг асосий тамойиллари, тизимнинг элементлари ҳам бирма-бир кўрсатиб ўтилган. Эътиборлиси, университетда Коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссия доимий фаолият кўрсатиб келмоқда.
Университет ва унинг муассасалари ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини бажариш жараёнида талаба, ўқитувчи, докторант, жисмоний ва юридик шахслардан ноқонуний тарзда бирор-бир совға олиш ёки бериши тақиқланган.
Ҳар қандай коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этишга қизиқтиришга бўлган уриниш ёки шу ҳақда маълум бўлган фактлар ҳақида университет маъмуриятини хабардор қилганлар моддий рағбатлантирилади. Хабар берувчининг шахси сир тутилади, албатта.
Катта қонунбузарликлар кичикларидан бошланиши ҳеч кимга сир эмас. Шу нуқтаи назардан ҳар бир ташкилот, таълим муассасасида муҳит соғломлаштирилса, таъмагирлик ва бошқа қусурлар йўқотилса, жамият коррупциядан тозаланиб боради.
Лола Раҳимқулова,
ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи
кафедраси ўқитувчиси.
ЎзА