Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси таълим сифатини янги босқичга кўтариш, узлуксиз таълим жараёнларида самарадорликни холисона баҳолаш бўйича давлат сиёсатини тўлақонли амалга оширяптими? Инспекция ташкил этилгандан буён таълим муассасаларида таълим сифати неча фоизга кўтарилди? Пандемия даври – 2020 йилда инспекция томонидан қандай ижобий натижаларга эришилди?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида инспекция мутасаддилари иштирокида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йил учун истиқболда белгиланган режаларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида ана шу саволларга жавоб берилди.
Таъкидланишича, пандемияга қарамасдан 2020 йилда мактаблар рейтингини аниқлаш мақсадида жами мактабларнинг 10 фоизи, яъни 992 та мактаб фаолияти 4 та индикатор асосида баҳоланган. Ҳудудлар рейтингида энг юқори ўринларни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари эгаллаган бўлса, қуйи ўринларда Сирдарё, Тошкент вилояти ва Сурхондарё вилоятлари қайд этилди.
84 та олий таълим муассасаси фаолияти таҳлил қилиниб, уларнинг умумий, соҳавий ва асосий самарадорлик кўрсаткичлари бўйича рейтинги тузилди. Рейтинг натижаларига кўра, миллий ОТМларда барча индикаторлар бўйича ўсиш кўрсаткичлари қайд этилди. Хусусан, фан доктори илмий даражаси, профессор унвонига эга профессор-ўқитувчилар 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан 11 фоизга, фан номзоди илмий даражаси ёки доцент унвонига эга профессор-ўқитувчилар 10,1 фоизга, диссертация ҳимоялари (шу жумладан, берилган профессор ёки доцент унвонлари) 41,1 фоизга, дунёнинг нуфузли мингталигига кирувчи ОТМлардан илмий даража олган профессор-ўқитувчилар улуши эса 13,1 фоизга ошди.
Коронавирус пандемияси сабабли, жорий йилда малака (тест) синовлари август-ноябрь ойларида реал вақт режимида, онлайн тарзда, барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминланган йирик сиғимли биноларда ташкил этилди.
2020 йилда илк маротаба Таълим инспекцияси томонидан Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда иккинчи малака тоифасига даъвогар педагоглар учун ҳам малака (тест) синовлари ўтказилди. Ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида жами 91 минг 173 нафар педагог қатнашиб, уларнинг 5 минг 286 нафари олий малака тоифасига, 14 минг 489 нафари биринчи, 24 минг 964 нафари иккинчи малака тоифасига эга бўлди ҳамда ўзларининг иш ҳақларини оширишга эришди.
Коронавирус пандемияси муносабати билан таълим муассасаларини аккредитациялаш жараёни масофадан туриб ташкил этилди. Мазкур жараёнлар учун «ОNAKS» – электрон платформаси ҳамда онлайн аккредитация реестри ишга туширилди. 2020 йилда умумий ўрта таълим мактабларини аккредитациядан ўтказиш режасига асосан йил давомида 2 минг 20 та умумий ўрта таълим мактаби ўрганилиб, уларнинг 1 минг 853 таси аккредитациядан ўтказилди.
Ички ва ташқи баҳолаш жараёнларида 788 та мактаб ҳолати ўрганилди. Натижада масъулиятсизликка йўл қўйган 87 нафар раҳбар ходимга интизомий чора кўрилди.
2020 йил режасига мувофиқ йил давомида жами 1 минг 220 та мактабгача таълим ташкилоти аттестациядан ўтказилди. Ўрганишлар натижасида уларнинг 1 минг 141 таси аккредитациядан ўтказилиб, ўрнатилган тартибда давлат намунасидаги сертификатлар тақдим этилди. 79 таси эса белгиланган муддатларда аттестация ҳужжатларини ўз вақтида тақдим этмаганликлари, баҳолаш мезонлари талабларига зид равишда аттестациядан ўтказилганлиги ҳамда таълим ташкилотларида қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли аттестациядан ўтмади. Аттестациядан ўтмаган мактабгача таълим ташкилотлари юзасидан Мактабгача таълим вазирлигига расмий тақдимнома киритилди.
Шунга асосан аттестация жараёнларига масъулиятсизлик билан ёндашган бир қатор раҳбар ва ходимларга тегишли интизомий чоралар кўрилди. 2020 йилда хорижий давлатларда олинган дипломларни тан олиш бўйича жами 4 минг 441 та мурожаат келиб тушган. Аризаларнинг 1 минг 361 таси қаноатлантирилди, 576 та ҳужжат эса махсус синовларсиз, тўғридан-тўғри тан олинди.
Сўнгги уч йилда юртимизда нодавлат таълим ташкилотларига яратилаётган қулай шарт-шароитлар ва улар фаолиятининг лицензия жараёни соддалаштирилгани сабабли уларнинг сони деярли олти баробарга ошган. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилгани сабабли карантин даврида ҳам келиб тушган аризалар кўриб чиқилиб, ўрнатилган тартибда лицензия берилди.
2020 йилда Таълим инспекцияси томонидан жами 1 минг 34 та нодавлат таълим ташкилотига лицензия берилди. Агар 2019 йилда юртимизда 2 минг 509 та нодавлат таълим ташкилоти фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 3 минг 377 тани ташкил этмоқда. Шу жумладан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 1 минг 214 тадан 1 минг 688 тага, хусусий мактаблар сони 117 тадан 171 тага, мактабдан ташқари таълим муассасалари 485 тадан 605 тага, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим ташкилотлари 691 тадан 906 тага ҳамда хусусий олий таълим муассасалари сони 2 тадан 8 тагача ошди.
Матбуот анжуманида халқаро алоқалар тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА