Фарғона шаҳрида ўтаётган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев аввалги ҳоким, айни пайтда Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаётган Шуҳрат Ғаниев ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда ЎзА мухбири хабар бермоқда.
– Илгари ҳокимни қўяётганда қарсак чалардик, ёмонлаб ишдан олардик, ишдан олганимиздан кейин унутворардик. Бу нотўғри. Ҳоким лавозимни тортмаса, кўчага ташлаб қўйиш керак эмас.
Битта раҳбарни тайёрлашга 20 йил кетади. Биз асраб-авайлаб тарбия қилган ҳокимларимизни ҳеч қачон хор қилмаслигимиз керак. Ҳоким, шу элни йўлбошчиси бўлган одамни ҳаммамиз ҳурматини ҳам жойига қўйишимиз керак.
Фарғонада шунча йил ишлаган одамни Тошкентда раҳбарлик қилиши, ўйлайманки бу биринчи тажриба. Шу тажриба бошқа вилоятларга ҳам юқсин. Бугун бутун республикамиз кўради, илоҳим шу тажрибадан амалда вилоят, туман ҳокимлари ҳам ўзларига хулоса қилса мен рози бўлардим. Барибир меҳнат қилган одам ҳеч қачон хор бўлмаслиги керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Матназар Элмуродов, ЎзА