
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Риштон халқаро кулолчилик марказида ЎзА, O'zbekiston 24, Daryo.uz, uz24.uz, darakchi.uz, Sevimli TV, UzReport ва бошқа ОАВ ходимлари билан 15 дақиқа жонли мулоқот қилди.
– Сизлар менга кўмакчи ҳамда елкадошсиз. Мен сизларни ютуғимизни ҳам, камчиликларимизни ҳам халқимизга ҳаққоний етказаётган куч деб биламан. Сизлардан бир нарсани илтимос қилмоқчиманки, изланишдан эринманглар. Адолатни халққа етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар.
Нимага десангиз, ортингизда Президент турибди. У замонлар ўтиб кетди. Фақат адолат, адолат ва ҳақиқат. Қанча кўп ҳақиқатни етказа олсак, шунча кўп манфаат бўлади. Тўғри, кимдир сизни ёмон кўради. Лекин ёзилган, айтилган камчиликларни барибир раҳбар тўғрилайди. Барибир адолат қарор топади. Бу дегани ҳозирги барча ислоҳотларимиз, Мурожаатномадаги гаплар рост экан-ку, қилса бўлар экан-ку, деган фикр пайдо бўлади. Тизимнинг ишлашига олиб келади бу. Мен сизларга ишларингизда омад тилайман, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА