Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган ”2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалий чоралар белгилаб берилди.
Жумладан, очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхати кенгайтирилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги “Е-Антикоррупция” лойиҳасини амалга оширади.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш, соҳа ва тармоқлар бўйича чуқур таҳлиллар ва жамоатчилик сўровларини ўтказиш натижасида “Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри” шакллантирилади.
Реестрга мувофиқ, ҳар бир коррупциявий омилни, биринчи навбатда, рақамлаштириш (электрон навбат, аукцион ва бошқа замонавий усуллар), очиқликни таъминлаш, жамоатчилик назорати каби воситалар орқали бартараф этиш бўйича таклифлар экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасида кенг муҳокамадан ўтказилган ҳолда ишлаб чиқилади.
Амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги ва коррупциявий омилларни бартараф этишга таъсири жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда баҳоланади ва эълон қилинади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Е-Антикоррупция” лойиҳасини амалга ошириш механизмлари ҳамда коррупцияга мойил бўлган муносабатларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.