Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари Туркиянинг таниқли "Kalyon Ulastirma" муҳандислик компанияси раҳбари Жиҳад Калёнжиўғли билан учрашиб, узунлиги 24,4 километрни ташкил этувчи Нурафшон –Қўйлиқ автомобиль йўлини демонтаж қилиш масаласини муҳокама қилди.
Унда асосий эътибор автомобиль йўлининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, қатновларни мақбуллаштиришга қаратилди. Бугунги кунда мазкур йўлдан кунига 38 мингта транспорт қатнови амалга оширилади. Хусусан, Бекобод, Нурафшон шаҳарлари, Бўка, Пискент ва Ўрта Чирчиқ туманларини пойтахт билан боғловчи ушбу йўлда катнов ортиб бораётгани туфайли тирбандлик эҳтимоли ортмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда Нурафшон шаҳрини пойтахт билан боғловчи йўл замонавий шаҳарсозлик андозаларига мос равишда қайта таъмирланишга алоҳида эҳтиёж сезилмоқда.
Лойиҳанинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, иккита автостанция ва йўл бўйлаб бешта бекат қурилади. Ўртада жамоат транспортлари ҳамда тезкор автобус қатнови учун (BRT тизими) алоҳида махсус қатнов йўли бўлади. Бу эса Нурафшонни транспорт қатновлари учун ҳам марказий шаҳарга айлантиради. Ҳозир Нурафшон – Қўйлиқ йўналишида 15 та жамоат транспорт қатнови мавжуд. Мазкур лойиҳа амалга оширилса, қатнов йўналишлари мақбуллаштирилади.
Мулоқот чоғида томонлар масаланинг кичик деталларини ҳам муҳокама қилишди. Вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов бу бўйича тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича масъулларга кўрсатма берди.
А.МУСАЕВ, ЎзА