Бугун, 1 февралда ойлик транспорт карталарини сотиш шохобчалари одамлар билан гавжум. Ўқувчиларга имтиёзли картани сотиб олиш учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, ота-онасининг паспорт нусхаси, талабалар учун эса паспорт нусхаси, талабалар учун талабалик гувоҳномаси талаб этилмоқда. Бу эса йўловчиларда асаббузарлик кайфиятини пайдо қилаяпти.
"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ахборот хизмати раҳбари Азим Муҳаммаджонов бунга қуйидагича изоҳ берди.
– Ҳар бир давлат жамоат транспортида энг сўнгги технологияларни жорий этиш, ушбу соҳа ривожланишининг энг асосий омили эканлигини жаҳон тажрибаси кўрсатиб турибди. Ўзбекистонда ҳам жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимининг жорий этилиши нафақат йўловчиларга, балки жамоат транспортининг бир қатор камчилликларини кўрсатиб, уни бартараф этишда ёрдам бериши кутилмоқда.
Аввало, ягона транспорт карталаридан фойдаланадиган йўловчилар навбат кутишда муаммоларга дуч келишмайди, шунингдек, қайтим кутиш, ўзлари билан майда пул олиб юриш ва, энг асосийси, тўловнинг шаффоф бўлиши таъминланади.
Имтиёзли транспорт карталари, яъни талаба, ўқувчи ҳамда ижтимоий нафақа туридаги транспорт карталари эса қоғозли ойлик йўл чипталарига қараганда бирмунча қулайликларни тақдим этади.
Масалан, ушбу карталарда кунлик тарифларнинг жорий этилиши, йўловчилар бир ойда жамоат транспортида маълум бир кун ҳаракатланишига қараб тарифларни харид қилиши имкониятини яратади.
Шу билан бирга, имтиёзли транспорт карталарининг шахсийлаштирилиши мазкур картадан фойдаланадиган йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаган холда, карта йўқотиб қўйилган тақдирда ёки ўғирлатиб қўйилган ҳолатларда АТТО оператори томонидан эски карта блокланиб, йўловчига янги картани тақдим этиш имкониятини яратади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мазкур картадан шартномада кўрсатилган йўловчи фойдаланмаган ҳолатлар юзага келганда, карта қайтариб олиниб, шартномада кўрсатилган шахсга нисбатан тегишли тарзда жарима қўллаш кўзда тутилган.
Умуман олганда, имтиёзли транспорт карталарини шахсийлаштиришдан кўзланган асосий мақсад аҳоли орасидаги шу уч турдаги йўловчилар қатлами қайси автобус йўналишида ва куннинг қайси қисмида ҳаракатланиши ҳақидаги маълумотлар базага келиб тушади ва ушбу статистика орқали мазкур йўналишларда автобус сонини кўпайтириш ёки куннинг қайси қисмида йўловчи кўп бўлса, оралиқ вақтларини камайтириш чоралари кўрилишини кўрсатиб беради.
– Нафақа ёшига етганлар учун амалдан чиқарилаётган қоғоз кўринишидаги ойлик йўл чипталарини қолдиришнинг иложи борми? Кўплаб ёши катта инсонлар навбатларда қолиб кетмоқда ва технологик нарсаларга унчалик тушунмаётганига гувоҳ бўлинмоқда, бу эса ноқулай эмасми?
– Қоғоз кўринишидаги ойлик йўл чипталари сотувини тўхтатишдан кўзланган мақсад юқорида таъкидлаб ўтканимиздек, аҳолининг қайси йўналишда ҳаракатланаётгани ҳақида маълумотларга эга бўлишга тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, сохта ойлик йўл чипталарининг учраб туриши ҳам йўловчиларга бирмунча ноқулайликларни туғдиради. Шунингдек, қоғоз кўринишидаги ойлик йўл чипталари тўловнинг шаффоф бўлиши имкониятини ҳам бир мунча пасайтиради.
Ҳозирги кунда мазкур карталарни Тошкент шаҳридаги 70 та транспорт карталарини сотиш шохобчасидан харид қилиш мумкин.
– Карта харид қилган кундан бошлаб амал қилади, деган гапни тушунтирсангиз?
– Картани биринчи бор харид қилган йўловчиларга автоматик тарзда 30 кунлик тариф ёқиб берилади. Бунда йўловчилар биринчи бор тўловни амалга оширган кундан бошлаб тарифда белгиланган кунга қадар амал қилади. Масалан, 1 февралда харид қилинган карта 4 февралдан бошлаб тўловни амалга оширса, ушбу кундан эътиборан 30 кун ичида йўловчилар мазкур тарифдан чекланмаган миқдорда фойдаланишлари мумкин бўлади. Агарда йўловчиларга кунлик тарифлар қулай бўлса, иккинчи ойдан бошлаб ўзларига қулай кунлик тарифларни сотиб олишлари мумкин бўлади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, йўловчилар мазкур транспорт карталаридан фойдаланишаётган вақтда фақатгина шахсан ўзлари, тўловни қабул қилувчи валидаторга картани теккизган ҳолда тўловни амалга ошириши, чиптачининг қўлига имтиёзли картани бермаслиги талаб этилади. Шунингдек, картани теккизмасдан шунчаки карточкани кўрсатиб қўйиш ҳам нотўғри ҳисобланади. Сабаби, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси инспекторлари тўлов амалга оширилган ёки йўқлигини текшириш жараёнида сизнинг тўловингиз амалга оширилмаганини аниқлашса, айнан йўловчига нисбатан йўл пулини тўламаганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда жарима белгилаш кўзда тутилган.
Шаҳноза Маматуропова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА