Она тили – миллатимиз тафаккурининг бебаҳо хазинаси
З.М.Бобур номли Андижон вилояти Ахборот-кутубхона марказида “Она тили – миллатимиз тафаккурининг бебаҳо хазинаси” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда кутубхона, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари, олимлар, ёзувчилар, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм хизматчилари, ижодкор ёшлар, умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирок этди.

Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.

Тадбирда сўз олган вилоят Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Гулнорахон Исмоилова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси, уюшма аъзоси Восит Аҳмад, Андижон педагогика институти ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Дилдорахон Турғунова, институт ахборот-ресурс маркази ходимаси Муножотхон Низомова, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими Искандар Абдулҳаев ва бошқалар она тилимизни асраб-авайлаш, ривожлантиришга ҳар бир фуқаро масъул эканлиги ҳақида гапирди.

Бобур номидаги вилоят театрининг Тўрахон Қодиров бошчилигидаги бир гуруҳ хонанда ва созандалари она тилимиз, тинчлик ҳамда юртни тараннум этувчи қўшиқлар ижро этди. Шунингдек, институт талабалари, Шаҳрихон туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан шеърлар ёддан ўқилди, қўшиқ ва рақслар ижро этилди.
Тадбирда ҳар бир миллатдошимиз она тилимизни асраб-авайлаш, унинг софлигини сақлаш ва янада ривожлантиришга масъул эканлиги алоҳида таъкидланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА