Бугун Миллий матбуот марказида “Гидрогеология, муҳандислик геологияси ва геоэкология йўналишларидаги геология қидирув ва илмий-тадқиқот ишлари натижалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бўлим бошлиғи Нурбек Пўлатов, "ГИДРОИНГЕО институти" ДМ директори ўринбосари Шаҳриёр Тошев, "Ўзбекгидрогеология" ДМ бош гидрогеологи Феруз Ҳайдаров сўзга чиқиб, мамлакатимиз ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
[gallery-26790]
Қайд этилишича, республикамизда аҳоли сони ўсиш тенденцияси ҳисобига 2030 йилга бориб сифатли сувга бўлган талаб йилига 2 миллиард метр кубдан 3 миллиард метр кубгача етиши, 2050 йилга эса бу кўрсаткич икки баробарга ортиши кутилмоқда. Бу эса ичимлик суви манбаларига бўлган эхтиёж мунтазам ошиб боришини талаб қилади. Маълумотларга кўра, ичимлик сув захиралари чекланган бўлиб, 2030 йилларда дунё аҳолисининг 47 фоизи сув танқислиги таҳдиди остида қолиши тахмин қилинмоқда. Шу билан бирга, 2050 йилга бориб, сув етишмайдиган ривожланаётган мамлакатлар сони сезиларли даражада кўпаяди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бўлим бошлиғи Нурбек Пўлатов қайд этганидек, Президентимизнинг 2022 йил 7 декабрдаги “Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ишлари тизимли ташкил этилмоқда.
–Мазкур қарорга асосан гидрогеология йўналиши, геология фанлари тизимидаги вазифалар янада мустаҳкамланди. Бугунги кунда вазирлик тизимидаги “Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти” давлат муассасаси 5 та асосий илмий йўналишда фаолият юритмоқда. Ер ости сувларини излаш, қидириш, захираларини тасдиқлаш ва ресурсларини баҳолаш йўналиши бўйича Самарқанд вилояти Иштихон туманида Дамхўжа галереяси қурилиб, ишга туширилди. Навоий ва Бухоро вилоятлари туманлари аҳолиси қўшимча 125 минг м3/сутка ичимлик суви билан таъминланди. Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида Оқсу-Оққишлоқ галереяси сув таъминоти тармоғига уланди ва 30 тага яқин аҳоли пунктларига қўшимча 11,3 минг м3/сутка ичимлик суви етказиб берилди. Шу билан бирга, республика ҳудудида қўшимча 14 та галерея туридаги сув олиш иншооти учун истиқболли майдонлар аниқланди. Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳоли сув таъминотини яхшилаш мақсадида 16 та истиқболли майдон очилди. Сувлиқ аҳоли пунктида 1 000 га яқин аҳоли эса ичимлик сувига эга бўлди, – деди Нурбек Пўлатов.
Шунингдек, тадбирда мутахассислар геоэкологик, мелиоратив-гидрогеологик ҳолатни баҳолаш каби қатор масалалар бўйича ҳам батафсил маълумот берди. Уларнинг қайд этишича, гидроминeрал рeсурслар манбаларини дивeрсификация қилиш ва истиқболларини баҳолаш йўналишида Фарғона водийси бўйича гидроминерал ресурслар харитаси тузилган. Туман ҳокимликлари учун ҳудудларни гидроминерал ресурслар ёрдамида ривожлантириш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқилиб, тақдим этилган.
– Республиканинг бошқа ҳудудларида 10 дан зиёд ер ости минерал, термал ва саноат сувларига истиқболли майдонлар аниқланди. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги “Олча булоқ” кимёвий таркиби бўйича “Омонхона булоғи”га аналог сифатида таклиф этилмоқда. Термал ер ости сувларидан фойдаланишнинг технологик схемаси яратилди. Ҳудудларнинг геоэкологик, мелиоратив-гидрогеологик ҳолатини баҳолаш ва ер ости сувлари муҳофазаси йўналиши бўйича Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги 168 та объектда радиоэкологик мониторинг ўтказилди, – деди "ГИДРОИНГЕО институти" ДМ директори ўринбосари Шаҳриёр Тошев.
Тадбир якунида замонавий технологиялар асосида ер ости сувларининг оптимал мониторинг тизимини асослантириш йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси вилоятлари кесимида ер ости сувлари мониторинги тизимини оптималлаштириш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқилгани таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 1:500 000 ва 1:200 000 миқёсли рақамли гидрогеологик харитаси яратилди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА