Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан “Shajara” ахборот тизими ишга туширилиши белгиланди.
Бугун “Ўзархив” агентлигида ушбу тизимни ишлаб чиқиш бўйича навбатдаги ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов, шажарашунос олимлар, тарихчилар, агентлик ходимлари ҳамда Адлия вазирлиги қошидаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари иштирок этди.
Йиғилиш давомида шажарани архив ҳужжатлари асосида тузишнинг ўзига хос хусусиятлари, архив ҳужжатларини рақамлаштиришда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ҳамда ахборот тизими аҳоли учун максимал даражада қулай ва ишончли бўлиши учун зарур чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

“Shajara” ахборот тизимининг асосий мақсади фуқароларга ўз оилавий шажаралари ва этник илдизлари ҳақидаги маълумотларни электрон платформа орқали қулай, тез ва ишончли тарзда тақдим этишдан иборат. Тизимнинг мақоми ва функциялари жаҳондаги FamilySearch, MyHeritage каби йирик генеалогик сервислар ҳамда Татаристондаги “Ядкяр” портали тажрибасига мувофиқ ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
“Shajara” ахборот тизими ишга туширилганидан сўнг, ҳар бир фуқаро ўз оила тарихини ва илдизларини осон ва самарали тарзда ўрганиш имкониятига эга бўлади.

Гулноза Бобоева, ЎзА