АОКАда Инновацион ривожланиш агентлиги раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, ўтган 2024 йилда илмий фаолиятларга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 400,4 миллиард сўмга тенг бўлган 365 та лойиҳа молиялаштирилган.

Инновацион лойиҳаларни техник ва илмий экспертизадан ўтказиш талаблари, жараёнда иштирокчиларнинг мустақиллиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлигини таъминлаш мақсадида “Loyiha.ilmiy.uz” платформаси яратилган. Бу орқали лойиҳалар экспертларга тизим орқали автоматик равишда узатилиши таъминланиб, жараённинг шаффофлигига эришилган.
Агентлик раҳбариятининг таъкидлашича, илмий инновацион фаолиятни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2021 йилда илм-фанни рақамлаштириш бўйича мавжуд платформалар бор йўғи 3 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилга келиб 10 тага етказилган ва бугунги кунда актив фойдаланувчилар сони 85 минг 600 (2021—2023 йилларда 44 100 нафар) нафарни ташкил этмоқда. 2021 йилда тизимда қоғоз шаклидаги ҳужжатлар сони 78 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб 35 фоизни ташкил этмоқда.
2026—2027 йилларда электрон платформалар сонини 40 тага, актив фойдаланувчилар сонини эса 140 минг нафарга етказиш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА