Маълумки, давлатимиз раҳбари ҳузурида 2020 йилнинг 30 апрель куни ўтказилган йиғилишда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёнини рақамлаштириш, яъни “Электрон ОАК” тизимини жорий қилиш вазифаси белгилаб берилган эди.
Юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларга мувофиқ тарзда олий малакали педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимида илмий-ташкилий, дастурий-техник ва экспертиза чора-тадбирлари амалга оширилиб, аттестация жараёни тўлиқ рақамлаштирилди.
“Электрон ОАК” доирасида янги ахборот тизимлари ишлаб чиқилди. Жумладан, илмий даража ва илмий унвонлар комплекс-таҳлилий ахборот тизимлари, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ягона портали, корпоратив электрон ҳужжатлар айланиш комплекс-таҳлилий ахборот тизими ва диссертациялар жамоавий электрон экспертизаси ахборот тизими яратилди.
2021 йилда “Электрон ОАК” тизими орқали 10 минг 843 аттестация иши қабул қилинди ва 10 минг 614 та ёзишма амалга оширилди. Шунингдек, 2 та ахборот тизими – илмий унвонлар ва илмий даражалар бўйича 30 мингдан ортиқ доимий равишда ўсиб борувчи маълумотлар базасига эга бўлган идоравий ахборот тизимлари “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлилий тизими дастурий-аппарат комплекси”га интеграция қилинди.
– “Электрон ОАК” доирасидаги ахборот тизимлари илк бор жаҳон ва миллий даражада илмий даража ва илмий унвонлар бўйича аттестация ишларини қабул қилиш, жўнатиш, экспертиза жараёни рақамлаштирилган тарзда амалга оширишга хизмат қилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Мамадалиев. – Шу билан бирга, барча аттестация жараёнини узлуксиз ва онлайн шаклда ташкил қилиш, аттестация жараёнини “субъект-субъект ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатлар” тамойилидан “субъект-субъект ўртасидаги рақамлаштирилган муносабатлар” тамойилига ўтказиш, ОТМ ва ИТМ илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ва ОАК ўртасидаги барча ҳужжат алмашишни корпоратив электрон ҳужжатлар айланиши комплекс-таҳлилий ахборот тизими асосида амалга ошириш ҳамда моддий ва молиявий ресурсларни иқтисод қилиш, соғлом илмий муҳитни ривожлантиришга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Электрон ОАК” тизими соҳа фаолиятининг сифат ва натижадорлигини ҳамда аттестация жараёнининг шаффофлигини таъминлашда, шунингдек, унинг иштирокчилари масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, аттестация жараёни талаб қиладиган қимматли вақтни тежаш, ҳар қандай кўринишдаги оворагарчиликларга барҳам бериш имкониятини яратади.
Гулноза Бобоева, ЎзА