Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимининг сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2017 йилдан 2025 йилнинг ўтган тўққиз ойига қадар олий таълимдан кейинги таълим институтларига бюджет маблағлари ва мустақил изланувчилик асосида 56 минг 250 нафар тадқиқотчи қабул қилинган. Шундан 24 минг 18 нафари бюджет маблағлари ҳисобидан, 39 минг 378 нафари мустақил изланувчилар ҳисобланади. Ушбу йилларда 3 минг 602 нафар талабгор фан доктори, 18 минг 874 нафар талабгор фалсафа доктори илмий даражасида тасдиқланган.

Диссертациялар сифатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 2022-2025 йилларда олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот муассасалари томонидан тақдим этилган диссертацияларнинг 59,5 фоизи экспертиза-таҳлил натижаларига кўра қайта ишлаш учун 1-5 мартагача қайтарилган.

Ҳозирги кунда 38 минг 39 нафар изланувчи олий таълимдан кейинги таълим институтларида таҳсил олаётган бўлиб, 12 минг 902 нафари таянч докторантурада ва докторантурада, 327 нафари стажёр-тадқиқотчиликда, 24 минг 810 нафари мустақил изланувчи сифатида илмий ишларини олиб бормоқда.

Булар ҳақда Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ёш тадқиқотчилар билан ўтказилган учрашувда айтиб ўтилди.

Мулоқотда аттестация жараёнини рақамлаштириш, идоравий ахборот тизимларини вазирлик ва идоралар ахборот тизимларига интеграция қилиш, аттестация жараёнида талабларнинг ягоналигини таъминлаш, диссертацияларнинг Интернет тармоғида илмий жамоатчиликнинг кенг иштирокида электрон илмий экспертизадан ўтказилишини ташкил қилиш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди.
М.Комилова, ЎзА