Кўюнга ҳар кун бориб ҳар дам кўрай дермен сени, Менга ҳар кун байраму ҳар лаҳза Наврўзе керак.

Наврўзинг – янги кун, янги давронинг
муборак, жонажон Ўзбекистоним!

Кўюнга ҳар кун бориб ҳар дам кўрай дермен сени,
Менга ҳар кун байраму ҳар лаҳза Наврўзе керак.

Алишер Навоий.

Асрлар давомида Наврўз халқимиз ҳаётидаги энг муҳим кун ҳисобланган. Кун ва тун тенг бўлган айёмда байрам қилинадиган Наврўзда ҳамма хурсанд, шод ва бахтиёр бўлади. Қадимдан байрамлар (маълум вақтда такрорланиб тургани учун) ўзига хос вақт ўлчови ҳисобланган. Шу жумладан, Наврўз ҳам вақт ўлчови сифатида хизмат қилган, бошқача қилиб айтганда, Наврўз вақтни чуқур ҳис қилиш, умр қадрига етиш учун шароит яратган. Наврўз ҳаётнинг энг яхши томонларини акс эттирадиган кўзгу бўлиб хизмат қилган. Бу байрам жисмоний ва ақлий меҳнатдан озодлик ҳамда турли мажбуриятлардан эркинлик куни ҳисобланиб, одамлар кундалик иш, вазифа, бурч, ташвишлардан озод бўлишган. Наврўз кунида тенглик ҳукм сурган – ҳамма бир қозондан овқат еб, биргаликда сайилгоҳларга чиқиб, сайр қилишган. Наврўз кунида вужудга келган руҳий кўтаринкилик кишиларни эртанги кунига умид боғлашга, келажакка ишонч билан қарашга, ҳаётни янада гўзал қилишга ундаган.

Ажам халқларининг бир неча мингйиллик байрами ҳисобланмиш Наврўз араб халифалигининг дастлабки босқичида ман қилинган бўлса-да, кейинчалик халқнинг иродасига кўра бу байрамни нишонлаш яна расмий тус олган. Уммавий ва аббосий халифаликлари давридаги Башшор ибн Бурд, ал-Жоҳиз, Абунувос каби мумтоз араб шоирлари Наврўз ҳақидаги шеърларида наврўзий таомлар, сайиллар ва бошқа халқона удумларни васф этишган. “Ниҳоят ул-араб фи фунун ил-адаб” муаллифи Шаҳобиддин ан-Нувайрий (12-аср) Наврўзни байрам қилиш анъанасини Ҳазрат Али замонига боғлаб тушунтиришга ҳаракат қилган. Ҳаким Термизий, Беруний, Умар Ҳайём каби олим ва мутафаккирлар Наврўз тарихи ва унинг хосияти ҳақида ўз асарларида кенг ва атрофлича маълумот беришган.

Мўғуллар даврида бошқа диний ва миллий қадриятларимиз қатори оёқости бўлган Наврўзни байрам қилиш анъанаси темурийлар даврида қайта тикланиб, турли сайил ва томошалар ўтказилган. Жумладан, Алишер Навоий ҳам миллий қадриятларни ўзида мужассам этган, янгиланиш ва яхшиланиш дебочаси, халқни бирдамлик ва ҳалол касб орқали кун кечириш ғоясининг ифодаси бўлмиш Наврўзни ўз ғазалларида қадр кечасидек муборак ва хосиятли кун, деб таърифлайди:

Зулфу рухсор ила комимға мени еткурсанг,
Ҳар тунунг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун Наврўз.

Шунингдек, 1489 йилда Наврўз байрами ва Рамазон ҳайити бир кунга тўғри келганини “Фавойид ул-кибар” девонининг 420-ғазалида қуйидагича тавсифлаган:

Мувофиқ кийдилар, бўлмиш магар Наврўз ила байрам,
Чаман сарви ёшил хилъат, менинг сарви равоним ҳам.

Ғазал бошдан-оёқ баҳор фаслида яшнаб, одамларнинг кўзига нур ва қалбига сурур бағишловчи сарв дарахти ҳамда руҳият оламини кўкламдек яшнатгувчи сарвқомат дилбарнинг қиёси асосида қурилган. Баҳорнинг ҳаётбахш насимидан уйғониб, боғбоннинг ҳайратига боис бўлган дарахтларнинг жилваси байрам баҳонасида яшил рангдаги кийими билан олам аҳлини ўзига мафтуну маҳлиё айлаган паризоднинг хироми байрам устига байрамдек бўлиб, вужуд ва руҳнинг яйраши, яшнашига боис бўлади. Икки байрам – Наврўз ва ҳайит бир кунга тўғри келишини Навоий яхшиликка йўйиб, миллий ва диний қадриятлар ўз моҳиятига кўра бир-бирини инкор этмасдан, аксинча, мазмунан бир-бирини бойитиши, асл қадриятлар кишиларни бирдамлик ва аҳиллик руҳида тарбиялашини ушбу замоний мувофиқлик мисолида шоирона талқин этган.

Кейинги байтларда тазод ва муқобала, истиора ва ташбеҳ, ташхис ва тавсиф каби бадиий санъатлар ёрдамида боғдаги сарв ва хушқомат ёрнинг тасвири берилади: сарв дарахти баҳор насимидан мева тугмасдан, беҳосил умри хавфидан тебраниб турган пайтда, дилбарликни фан қилган гўзаллик мазҳарининг шамолдек еладиган учқур, қора оти устида сайрга чиқиши; сарв дарахти шохига қўниб, гул шавқида сайраётган булбул билан юзи қизариб, терлари шабнамдек товланиб турган гулрухсор нигор тавсифи кўнгилга хушнудлик, фараҳ олиб киради. Бу сатрлар ўқиган кишига беихтиёр баҳорий кайфият, кўтаринкилик бахш этади:

Чаман сарви қолиб бебар, менинг сарвим бўлуб дилбар,
Ани ел айлабон музтар, бу елдин секретиб адҳам.
Қўнуб ул сарв уза булбул, чекиб гул шавқидин ғулғул,
Бу сарв узра очилиб гул, анга тердин тушуб шабнам.

Рамзлар тилида сарв – руҳий ҳуррият, истиғно ва ҳожатсизлик, ваҳдоният оламининг тимсоли, сабо – Шарқ томондан эсадиган тонгги ёқимли ва салқин шамол. Сабо тонг чоғи, кўклам ва ёз фаслларида эсиб, дов-дарахтлар ва гулу гиёҳларни қишки уйқудан уйғотади ва гулларнинг чангланиб, дарахтлар мева тугишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ирфоний адабиётларда у раҳмоний нафасга нисбат берилиб, хайрга боис бўлиши айтилади. Хусусан, сабо билан ошиқларнинг тонг чоғида чеккан оҳлари ўртасида боғлиқлик мавжуд: орифлар тонг чоғида ишққа тўлган кўнгилдан чиққан оҳлар Ҳақ таоло даргоҳига етиб боради, деб ҳисоблайдилар. Бу ҳақда машҳур ориф Шайх Абу Бакр Каттоний шундай дейди: “Аллоҳ таолонинг бир ели бор – тонг чоғида эсгай. У ел ошиқларнинг оҳу нолишини эшитгай, Аршга олиб чиққай, ундан Ҳазрати Парвардигорга етказгай”. Шоирнинг кўнгил мулкидан чиққан оҳи сабосидан бепарво Ёри азалнинг унга иноят ва марҳамат назари билан қарамаслиги ошиқ кўнглида ишқ ғалаёни ва талаб сидқини янада кучайтиради. Боғдаги сарв шамол тебранишидан ҳар замонда ерга қараб энкайишини тамсил қилган шоир бир лаҳза бўлса-да, йўлида нигорон, тупроқдек хоксор ошиқнинг ҳолига назар солишига умид боғлайди. Ана шу байтдан бошлаб мажозий муҳаббат ҳақиқий ишққа етказувчи кўприк сифатида талқин қилинади:

Қилиб оҳим сари парво, буён майл этмадинг қатъо,
Сабодин, эй қади раъно, бўлур ҳам сарв гаҳ-гаҳ хам.

Кейинги байт эса юқоридаги байтнинг мантиқий давоми бўлиб, унда шоир соқийга мурожаат қилиб, гул фасли ва гулюзлар даврони ўткинчи эканлигини таъкидлаб, огоҳлик ва маърифат келтирувчи, муштоқликни зиёда этувчи майдан сипқоришни истайди. Бу билан шоир яхши кунларни ғанимат деб билиш, шодлик ва хурсандчилик, висол ва дийдор онларидан шукроналик ҳиссини туйиш, байрам кунларида вақтни сарҳисоб қилиб, ойдин келажакни бугундан қуриш лозимлигини таъкидлайди. Бунга эса фақат огоҳлик, маърифат ва иштиёқ билан етишмоқ мумкин:

Бу боғ ичра май, эй соқийки, бормен асру муштоқи
Ки, анда сарв ҳам боқий эмас, гул аҳди ҳам маҳкам.

Ғазал мақтаъида Навоий ҳуррамлик ва саодатни ёр кўйи ва висолида эканлигини, боғу бўстон сайри ва очилган гуллар томошаси ошиқ кўнглини шод этолмаслигини таъкидлайди. Бу, биринчидан, ошиқлик маслагининг баённомаси бўлса, иккинчи томондан, инсон – энг мукаррам зот, табиат гултожи, ҳар қандай байрам фақат яқин ва азиз инсонлар билан байрам бўлиши мумкинлигининг шоирона ифодасидир. Шу сабабли, шоир наврўзий ғазалини дўст дийдори тилаги билан тугаллайди:

Навоий, кўйин эт манзил, юзу қаддиға бўл мойил
Ки, боғ этмас сени хушдил, гулу сарв айламас хуррам.

Олимжон ДАВЛАТОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўз Навоий таърифида